add

Тарих такрорланмоқда: АҚШ қандай қилиб ўзига мақбул бўлмаган раҳбарларни четлатади?

Қўшма Штатларнинг Венесуэлага ҳужуми деярли қирқ йиллик ва беш йил аввалги воқеаларни ёдга солмоқда.

Тарих такрорланмоқда: АҚШ қандай қилиб ўзига мақбул бўлмаган раҳбарларни четлатади?

АҚШнинг Венесуэлага нисбатан босими ва ҳарбий сценарийлар муҳокамаси ўтган ўн йилликлар давомида қўлланган усулларни эслатмоқда. Хусусан, Вашингтон ўз манфаатларига мос келмаган раҳбарларни четлатишда ҳарбий куч, ҳуқуқий босим ва сиёсий изоляцияни бир вақтнинг ўзида қўллаб келган.

1989 йилнинг декабрида Панаманинг ўша пайтдаги раҳбари Мануэл Нориэга Морено АҚШнинг «Адолатли иш» (Just Cause) деб номланган ҳарбий операцияси оқибатида ағдарилган эди. 1990 йил 4 январда Нориэга бир неча кун давомида АҚШ Қуролли Кучлари бўлинмалари томонидан қамал қилинган Ватиканнинг Панамандаги элчихонасидан чиқиб, ихтиёрий равишда таслим бўлди. 1992 йил 10 июлда Америка суди Мануэл Нориэгани гиёҳванд моддалар савдоси ва товламачиликда айбдор деб топиб, 40 йилга озодликдан маҳрум қилди. Кейинчалик жазо муддати аввал 30 йилга, сўнгра 17 йилга қисқартирилди.

2007 йил август ойида Маями Федерал суди Нориэгани Францияга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарди. У ерда ҳам Нориэгага қарши француз банклари орқали пул ювиш ва наркотик контрабандаси бўйича айбловлар қўйилган эди. 2010 йилда Нориэга Францияга топширилди ва суд ҳукми билан банк ҳисоб рақамлари мусодара қилинган ҳолда 7 йилга қамалди. 2011 йилда Панаманинг собиқ раҳбари Франциядан ўз ватанига экстрадиция қилинди. Панамада у ҳали 1990 йилларнинг ўрталаридаёқ сиёсий қотилликларда айбдор деб топилиб, сиртдан 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 2014 йил сентябридан бошлаб у маҳаллий ахлоқ тузатиш муассасасида жазони ўтай бошлади. 2017 йил март ойида Нориэга мия ўсимтасини олиб ташлаш бўйича операцияни бошдан кечирди ва ўша йилнинг 29 майида 83 ёшида вафот этди.

Сулаймоний воқеаси

2020 йил 3 январга ўтар кечаси Бағдод халқаро аэропорти яқинида АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг элита бўлинмаси — «Қудс» кучлари қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймоний ўлдирилди. Ушбу зарба оқибатида Ироқ шиа милицияси раҳбари ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандис ҳам ҳалок бўлган эди. Вашингтон уларни 2019 йил 31 декабр куни Бағдоддаги АҚШ элчихонасига ҳужум уюштиришга алоқадор деб ҳисоблаган. Пентагон кейинчалик ушбу авиазарба Доналд Трампнинг кўрсатмаси билан тайёрланган режали операция бўлганини маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид