add

Тожикистон афғон чегарасини қўриқлаш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўради — ОАВ

02.12.2025 | 23:187452 дақиқа

Ўтган ҳафта давомида Афғонистон томонидан ўққа тутилиши оқибатида Хитойнинг беш фуқароси ҳалок бўлди, беш нафари яраланди.

Тожикистон афғон чегарасини қўриқлаш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўради — ОАВ

Расмий Душанбе ноябр ойининг охиридаги отишмалардан сўнг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) билан Афғонистон чегарасини биргаликда қўриқлашга рус ҳарбийларини жалб этиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Reuters Марказий Осиё мамлакатининг куч тузилмаларидаги уч манбага таяниб, хабар берди.

Ўтган ҳафта давомида Афғонистон томонидан ўққа тутилиши оқибатида Хитойнинг беш фуқароси ҳалок бўлди, беш нафари яраланди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 1 декабр куни республика куч тузилмалари раҳбарлари билан ишчи йиғилиш ўтказди. Унда Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарадаги вазият ва унинг қўриқланишини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Республика Хавфсизлик кенгашидаги манба Reuters'га КХШТ кучларини жалб қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинмаганини ва кўриб чиқилаётганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон-Афғонистон чегарасини қўшма патрул қилиш учун Россиянинг хориждаги энг йирик қуруқликдаги ҳарбий гуруҳи бўлган, Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий базасини жалб қилиш бўйича Россия томони билан музокаралар олиб борилган.

«Биз ҳозирча (КХШТ билан) музокаралар олиб бормоқдамиз ва улар кўриб чиқиш босқичида», - деган Reuters'нинг Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши манбаси. У қарор шу ҳафта ичида қабул қилиниши мумкинлигини истисно қилмаган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги манбалар Россия билан 201-ҳарбий базани чегарани биргаликда қўриқлашга жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади.

Reuters манбаларига кўра, гап 201-база авиация гуруҳини жалб қилган ҳолда вертолёт патрул хизмати ҳақида кетмоқда.

Россиянинг Тожикистондаги базаси 2000 йилларнинг бошларига қадар Афғонистон билан чегарани қўриқлаш билан шуғулланган. Чегара узунлиги 1,344 километр бўлиб, тоғли ҳудудлардан ўтади. 2000 йилларнинг бошидан бери Тожикистон чегарани мустақил равишда қўриқлайди.

Ҳозирда КХШТга олтита давлат — Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Беларус, Қозоғистон ва Арманистон киради.

Теглар

Мавзуга оид