Logo

Тожикистон Эрондан 2,5 млн тонна нефт, бензин ва дизел сўради

Бугун 17:452 дақиқа

Геосиёсий вазият сабабли Тожикистонга ёнилғи етказиб бериш ҳажми камайган. Аввал республика ёнилғининг 80 фоиздан ортиғини Россиядан олган.

Тожикистон Эрондан 2,5 млн тонна нефт, бензин ва дизел сўради © Foto: Asia-Plus

Тожикистон мамлакат ички бозорини ёнилғи билан таъминлашда юзага келган муаммолар фонида Эрондан 2,55 млн тонна хом нефт ва нефт маҳсулотлари етказиб беришни сўради. Бу ҳақда республика Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Сўралган ҳажм таркибига 2 млн тонна хом нефт, 300 минг тонна дизел, 150 минг тонна бензин ва 100 минг тонна авиация ёнилғиси киради. Ушбу маҳсулотларни ташиш учун тахминан 51 мингта темирйўл цистернаси керак бўлади.

Бу масала 15-август куни Теҳронда Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим ва Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди. Иброҳимнинг айтишича, геосиёсий вазият сабабли Тожикистонга ёнилғи етказиб бериш ҳажми камайган. Унинг сўзларига кўра, аввал республика ёнилғининг 80 фоиздан ортиғини Россиядан олган. Энди эса Душанбе ёнилғи таъминотида муқобил манбалардан фаолроқ фойдаланмоқчи.

Тожикистон томони Эрондан ёнилғи ташиш учун цистерналардан махсус поездлар шакллантиришни ҳамда уларни Эрон темирйўллари орқали устувор тартибда ўтказиш учун «яшил йўлак» ташкил этишни сўради. Бундан ташқари, Душанбе Эроннинг Чобаҳор портидаги «Тожикистон» логистика маркази учун имтиёзли шарт-шароитлар яратишни, тожикистонлик автомобил ташувчиларининг муаммоларини ҳал қилишни ҳамда Эронга парвозларни амалга оширишни режалаштираётган «Somon Air» авиакомпаниясига самолётларга хизмат кўрсатиш, ёнилғи қуйиш ва суғурта харажатлари бўйича чегирмалар беришни сўради.

Фарзона Содиқ кўтарилган масалаларни ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бунинг учун томонлар идоралараро ишчи гуруҳларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон июль ойида қўшни давлатлардан ёнилғи импортини уч баробар оширганди.

Теглар

Мавзуга оид