
Тошкент шаҳрида қарийб 11 мингта хорижий корхона фаолият юритмоқда
Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида жойлашгани маълум қилинди.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг 1 октябр ҳолатида Ўзбекистонда 17 минг 188 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Бу корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда.
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида хорижий инвестицияли корхоналарнинг 10 минг 962 таси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бу умумий корхоналарнинг деярли учдан икки қисмини ташкил этади. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (2 174 та) ва Самарқанд вилояти (643 та) қайд этилган.
Шунингдек, Фарғонада 589 та, Сурхондарёда 482 та, Андижонда 393 та, Бухорода 351 та, Нaвоийда 299 та, Сирдарёда 268 та, Наманганда 245 та, Жиззахда 240 та, Қашқадарёда 157 та ва Хоразм вилоятида 188 та хорижий сармоя иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида эса 197 та шундай корхона мавжуд.
Маълумот учун, хорижий капитал иштирокидаги компаниялар орасида Хитой иштирокидаги корхоналар сони 4 570 тани ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 73 та хорижий компания томонидан 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида 124,8 млрд сўм солиқ тўлангани ҳақида хабар берган эдик.





