Logo

«Тошкент йўлбарси» Руфат Рисқиев 76 ёшида вафот этди

Бугун 09:541 дақиқа

Ўзбек бокси тарихида ўчмас из қолдирган, мамлакат тарихидаги илк жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев 76 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

«Тошкент йўлбарси» Руфат Рисқиев 76 ёшида вафот этди

«Тошкент йўлбарси» номи билан танилган афсонавий боксчи Руфат Рисқиев 76 ёшида вафот этди.

Руфат Рисқиев ўзбек бокси тарихида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган илк спортчилардан бири бўлган. У 1974-йилда Гаванада ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган.

Боксчи 1976-йил Монреал Олимпиадасида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, кумуш медаль олган.

Рисқиев халқаро рингдаги фаолияти давомида АҚШ, Куба, Австрия, собиқ Югославия ва Испанияда ўтказилган нуфузли турнирларда ғолибликни қўлга киритган.

Руфат Рисқиев спортчилик фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам бокс соҳасида ишлашни давом эттирган. У Марказий Осиёдаги илк халқаро тоифадаги профессионал бокс ҳаками сифатида ҳам фаолият юритган.

Шунингдек, Рисқиев «Ҳурмат Белгиси», «Буюк хизматлари учун» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан тақдирланган.

Боксчи сўнгги йилларида оғир касаллик билан курашиб келаётганди.

Vaqt.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Теглар

Мавзуга оид