Тошкентда 768 млрд сўмлик ноқонуний криптооператциялар билан шуғулланган уч киши қўлга олинди
Уларнинг электрон қурилмаларида 64 млн УСДТдан ортиқ, қарийб 768,38 млрд сўмлик ноқонуний молиявий операциялар аниқланган.
© Toshkent shahri IIBB videosidan kadrТошкентнинг Яшнобод туманида ноқонуний криптоактивлар савдоси билан шуғулланган уч киши ушланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу йирик молиявий схема «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирлари доирасида бошқарманинг Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан фош этилган.
Ушланган шахслар турли давлатлар валютасидаги маблағларни криптоактивларга айирбошлаш ва молиявий операцияларни амалга ошириш билан шуғулланган.
Гумонланувчиларнинг қурилмаларида жами 64 миллиондан ортиқ УСДТ, яъни қарийб 768 млрд 380 млн сўмлик криптоактивлар билан боғлиқ молиявий операциялар амалга оширилгани аниқланди. Тезкор тадбир давомида улардан саккизта телефон ва иккита ноутбук ашёвий далил сифатида олинган.
Айни вақтда тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 278−8-моддаси (Криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда онлайн қимор ва фирибгарлик билан шуғулланган 72 киши ушлагани ҳақида хабар берилганди.





