Тошкентда автобус ва микроавтобус ботиб қолди, қутқаришга келган экскаватор ағдарилиб кетган

15.09.2025 | 21:003 дақиқа

Расмий ташкилотлар автобус ҳақида маълумот беришди, аммо микроавтобус ва экскаватор билан боғлиқ ҳолат ҳақида алоҳида маълумот берилмаган.

Тошкентда автобус ва микроавтобус ботиб қолди, қутқаришга келган экскаватор ағдарилиб кетган
Бугун, 15 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Гулсанам кўчасида йўл чўкиши содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда MAN русумли автобус ва микроавтобус ерга ботиб қолгани акс этган. Уларни чиқариш учун келган экскаватор ҳам ағдарилиб кетгани тасвирланган видеолар ҳам бор. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизматига кўра, ҳодиса 101-сонли йўналишда ҳаракатланган автобус билан боғлиқ. Соат 05:40 да у ТТЗ бозори бекатига тўхтаган пайтда илгари сув қувурлари ўтказилган қисмида йўл чўкиб, транспорт воситасининг ўнг томони ерга ботиб қолган. Автобус 10:10 да чўкиш жойидан чиқарилган. Ҳодиса пайтида йўловчилар жабрланмаган. Автобус таъмирланиб, санитар ишловдан сўнг яна йўналишга чиқарилган. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» эса мазкур ҳудудда 400 миллиметрли қувур янгиланиши олиб борилаётганини маълум қилди. «Қурилиш ҳудудига яқин жойдан ўтган тармоқда юзага келган носозликдан сизиб чиққан сув кўмилган чуқурларнинг тупроқ қисми кескин чўкишига сабаб бўлган. Транспорт воситалари ана шу чуқурга бир тарафи билан тушиб қолган», - дейилади хабарда. Расмий маълумотларда микроавтобус ва экскаватор билан боғлиқ ҳолат ҳақида алоҳида маълумот берилмаган. Туман ҳокимлиги ҳодиса ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берилишини қайд этган.

Теглар

Мавзуга оид