add

Тошкентда «SheScience 2025» — Марказий Осиё олималари форуми бўлиб ўтмоқда

27.11.2025 | 11:532402 дақиқа

Мамлакатда илк бор ўтаётган «SheScience 2025» форуми минтақадаги олималарни бирлаштириб, фан, инновация ва сунъий интеллектда ҳамкорликни кучайтиришга қаратилди.

Тошкентда «SheScience 2025» — Марказий Осиё олималари форуми бўлиб ўтмоқда

27 ноябр куни Тошкентда Марказий Осиёда илк бор «SheScience 2025» олима аёллар форуми иш бошлади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистондан 60 дан ортиқ олималар, тадқиқотчилар ҳамда экспертлар тадбирда иштирок этмоқда. Форум минтақада фан ва инновация соҳасида аёллар иштирокини кенгайтириш, янги илмий ҳамкорлик форматларини яратишни мақсад қилган.

Тадбир доирасида экологик хавфсизлик, сунъий интеллект технологиялари, «яшил» инновациялар, қайта тикланадиган энергия, академик тадбиркорлик ва минтақавий стартап экотизимларини шакллантириш бўйича фикр алмашинувлар ўтказилди. Шунингдек, илм-фан коммуникацияси ва фанга аёлларни жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Форум якунлари бўйича иштирокчи давлатлар томонидан Қўшма баённома қабул қилинди. Унда Марказий Осиё мамлакатларининг илмий ва инновацион экотизимларини интеграция қилиш, олималар фаоллигини ошириш, қўшма тадқиқотларни кенгайтиришга оид бешта устувор йўналиш белгилаб берилган. Ҳужжат форумни ҳар йили минтақадаги мамлакатлардан бирида ўтказишни ҳам назарда тутади.

Ўзбекистон Фанлар академияси витсе-президенти Шаҳло Турдикулова очилиш маросимида бу ташаббус минтақавий илмий ҳамкорликда янги босқич бошлаётганини таъкидлади. Унинг таъкидашича, SheScience амалдаги илмий интеграция, консорсиумлар ва янги ташаббуслар учун асос бўладиган платформага айланди. Турдикулова қабул қилинган баённомани «декларация эмас, амалий йўл харитаси» сифатида баҳолади.

Форум Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан TWAS, OWSD, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилди. Хорижий ҳамкорлар CAREC, Horizon Europe ва Erasmus+ дастурлари орқали молиялаш имкониятларини тақдим этди.

Қозоғистонлик академик Зарема Шаукеанова минтақада алоҳида ташаббуслардан тизимли ҳамкорликка ўтиш зарурлигини қайд этди. Унинг фикрича, қўшма тадқиқотлар ва уйғунлаштирилган таълим дастурлари Марказий Осиёнинг илмий салоҳиятини кескин оширади. Форумнинг муҳим тақдимотларидан бирида қирғизистонлик Зуракан Каденова сунъий интеллектни «келажак фанининг калити» деб баҳолаб, минтақада умумий маълумот платформалари, AI дастурлари ва фанлараро тадқиқотларни ривожлантиришни муҳим вазифа сифатида кўрсатди.

Теглар

Мавзуга оид