
Тошкентдаги кўп қаватли уйлардаги лифтларда 37 мингдан ортиқ камчилик аниқланди
Тошкент шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларда ўрнатилган 9 мингдан зиёд лифт текширувдан ўтказилиб, уларнинг деярли барчасида турли даражадаги носозликлар қайд этилган. Маълумот учун, 2026 йил 1 июлдан бошлаб, техник талабларга жавоб бермайдиган лифтлардан фойдаланиш тақиқланади.

Пойтахтдаги 9 147 та лифтда жами 37 103 та камчилик аниқланган. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раҳбарияти иштирокида «Саноат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган назорат-профилактика тадбирлари» мавзусидаги матбуот анжуманида хабар берилди.
Қўмита раиси Олимжон Жўраевнинг айтишича, қурилиш соҳаси, кимёвий моддалар сақланадиган омборлар, аттракционлар ва лифтларга хизмат кўрсатувчи компанияларда мунтазам текширувлар ўтказилмоқда. Жорий йил бошидан буён 121 та назорат тадбири ва 10 мингдан ортиқ профилактик ишлар амалга оширилган, 1 145 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, 135 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Маълумотларга кўра, Тошкентдаги кўп қаватли уйларда ўрнатилган 9 147 та лифт текширувдан ўтказилиб, уларда 37 103 та носозлик аниқланган. Ҳозирда бу маълумотлар «Хавфсиз лифт» платформасига киритилган.
«Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан қабул қилинган регламентга мувофиқ, лифтларнинг техник ҳолатини жамоатчиликка хабардор қилиш мақсадида лифт кабинасига яшил (яроқли), мовий (қисман носоз), сариқ (носоз) ва қизил (фойдаланиш учун хавфли) стикерлар ёпиштирилади. Мазкур техник регламентларни 2026 йил 1 июлдан кучга кириши инобатга олиб, барча носоз лифтлардан фойдаланиш тақиқланади. Пойтахтимиз фуқароларини авария ва бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 6 844 та техник синовдан ўтмаган лифтга «Лифт техник кўрикдан ўтказилмаган» ёзувли ёрлиқлар ёпиштирилди», – деди О.Жўраев.
8 сентабр куни Чилонзор туманида «Do‘mbirobod City» қурилиш майдонида кран қулаш оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, икки нафар ишчи оғир жароҳат олгани ҳам қайд этилди. Бу каби бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш учун бошқарма кранлар ва бошқа хавфли объектларда назоратни кучайтирган.
Шунингдек, пойтахтдаги 205 та ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳам текширилиб, уларнинг катта қисмида саноат хавфсизлиги бўйича ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги аниқланган. Маданият ва истироҳат боғларидаги 263 та аттракционнинг ҳам аксариятида паспорт ёки масъул шахслар йўқлиги сабабли бир қисми фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Аввалроқ, Ўзбекистонда ўрнатилган лифтларнинг 78 фоизи техник синовдан ўтказилмаганлиги ҳақида маълумот берган эдик.





