Logo

Тошкентдаги Низомий университетининг яна иккита биноси аукционга қўйилди

Бугун 13:474 дақиқа

Низомий номидаги Миллий педагогика университетининг яна иккита факультет биноси E-auksion орқали сотувга қўйилди. Бунгача университетнинг асосий кампуси ва яна тўққизта объекти ҳам хусусийлаштириш дастури доирасида аукционга чиқарилган эди.

Тошкентдаги Низомий университетининг яна иккита биноси аукционга қўйилди © E-auksion

Тошкент шаҳрида жойлашган Низомий номидаги Миллий педагогика университетининг яна иккита ўқув биноси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан E-auksion платформасига савдога қўйилди. Гап университетнинг Табиий фанлар ҳамда Филология факультетлари бинолари ҳақида бормоқда.

Табиий фанлар факультети 325,9 млрд сўмдан сотувга чиқарилди

Савдога қўйилган биринчи лот университетнинг Табиий фанлар факультети биносидир. У Чилонзор тумани, Қатортол кўчаси 2-тор кўча, 5-а уй манзилида жойлашган.

Объект 2,24 гектар ер майдонини эгаллаган бўлиб, бино ва иншоотларнинг умумий майдони 6 224 квадрат метрни ташкил этади.

Лотнинг бошланғич нархи 325,86 млрд сўм этиб белгиланган. Аукционда иштирок этиш учун 9,77 млрд сўм миқдорида закалат пули тўланади. Бу объект қийматининг 3 фоизига тенг. Аукционнинг биринчи қадами 325,86 млн сўм этиб белгиланган. Савдолар нархни ошириб бориш тартибида ўтказилади. 

Шартларга кўра, объект сотилганидан кейин 2027 йил 31 декабргача бўшатилиши керак. Бироқ ушбу муддат Низомий номидаги Миллий педагогика университетининг Янги Тошкентдаги кампуслари фойдаланишга топширилиш муддатига қараб ўзгариши мумкин.

Бундан ташқари, харидор ушбу объект негизида шаҳарсозлик нормаларига риоя қилган ҳолда нодавлат таълим муассасасини ташкил этиши ҳамда ушбу фаолият турини сақлаб қолиши шарт бўлади.

Филология факультети 141,1 млрд сўмдан аукционга чиқарилди

Иккинчи лот университетнинг Филология факультети биносидан иборат.

Объект Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасида жойлашган бўлиб, унинг бошланғич нархи 141,14 млрд сўм этиб белгиланган.

Закалат пули 4,23 млрд сўм, аукционнинг биринчи қадами эса 7,057 млрд сўмни ташкил этади. Объект 0,52 гектар ер майдонида жойлашган бўлиб, тўрт қаватли бинодан иборат. Бинонинг умумий майдони 8 232 квадрат метрни ташкил қилади.

Мазкур лот бўйича ҳам харидор объект негизида нодавлат таълим муассасасини ташкил этиши шарт бўлади.

Шунингдек, бино 2027 йил 31 декабргача ёки университетнинг Янги Тошкентдаги кампуси белгиланган муддатдан олдин фойдаланишга топширилган тақдирда ундан ҳам аввал бўшатилиши режалаштирилган.

Ҳар иккала объект ҳам электр энергияси, газ, сув таъминоти ва канализация тармоқларига уланган.

E-auksion маълумотларига кўра, ушбу лотлар бўйича савдолар 20 июль куни бошланиши режалаштирилган.

Университетнинг асосий кампуси ҳам сотувга чиқарилган

Бундан аввал E-auksion платформасига Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Чилонзор туманида жойлашган асосий ўқув кампуси ҳам алоҳида лот сифатида чиқарилган эди.

Объектнинг бошланғич нархи 886,6 млрд сўм этиб белгиланган.

E-auksion платформасида жойлаштирилган маълумотларга кўра, объект Бунёдкор шоҳкўчаси ва Кичик ҳалқа автомобиль йўли кесишмасида, «Чилонзор» метро бекати яқинида жойлашган.

Лот таркибига умумий майдони 5,64 гектар бўлган ер участкаси ҳамда 25,8 минг квадрат метр майдонни эгаллаган тўрт қаватли ўқув биноси, спорт зали ва бошқа ёрдамчи иншоотлар киритилган. Объект сув, электр энергияси, газ ва канализация тармоқлари билан таъминланган.

Мазкур объект 2025 йил баҳорида қабул қилинган хусусийлаштириш дастури доирасида сотувга чиқарилган. Айни пайтда Низомий номидаги Миллий педагогика университети Янги Тошкентда барпо этилаётган янги кампусга кўчишга тайёргарлик кўрмоқда.

Сотув шартларига кўра, объектлар сотилгандан сўнг уч йил ичида ёки Янги Тошкентдаги маъмурий ва ўқув бинолари белгиланган муддатдан олдин қуриб битказилган тақдирда ундан ҳам аввал бўшатилиши кўзда тутилган.

2025 йилда ҳам университетнинг қатор бинолари хусусийлаштириш рўйхатига киритилган эди

Президентнинг 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига оид ПФ–70-сон фармони билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг қатор бино ва иншоотлари хусусийлаштириш рўйхатига киритилган эди.



Obyekt nomi


Manzili

Yer maydoni (ga)

Bino maydoni (m²)


1

«Kensoy» o‘quv va talabalar turarjoyi bino va inshootlari

Toshkent tumani, «Kensoy» MFY, Kensoy ko‘chasi 15-uy


8,5


15 463,7


2


Noturar bino

Shahrisabz tumani, «Xitoy» MFY, Kamar qishlog‘i, 395-uy


2,4


5 072


3

1, 2, 3-o‘quv korpuslari bino va inshootlari

Chilonzor tumani, Bunyodkor ko‘chasi 27-uy


5,6


28 367


4

«Tabiiy fanlar» fakulteti bino va inshootlari

Chilonzor tumani, 19-mavze, 4/1-uy


2,2


6 224


5

10-talabalar turarjoyi bino va inshootlari

Chilonzor tumani, 3-mavze, 21-uy

0,2

4 395


6

Xorijiy tillar fakulteti bino va inshootlari

Chilonzor tumani, Bunyodkor ko‘chasi 23a-uy


0,2


3 841


7

5, 7, 8, 9-talabalar turarjoyi bino va inshootlari

Yakkasaroy tumani, Muqimiy ko‘chasi 96-uy


1,0


15 999

8

Professional ta’lim fakulteti bino va inshootlari

Yakkasaroy tumani, Sh. Rustaveli ko‘chasi 105-uy


1,4


8 231,8

9

Boshlang‘ich ta’lim fakulteti bino va inshootlari

Yunusobod tumani, Farg‘ona yo‘li ko‘chasi 101a-uy


2,5


10 114

Manba: PF–70-son Farmoni asosida Vaqt.uz tayyorladi.

Жадвалдаги маълумотларга кўра, 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига университетнинг камида 9 та йирик объекти киритилган. Уларнинг умумий ер майдони 24 гектар, бино ва иншоотларининг умумий майдони эса 97 707,5 квадрат метрни ташкил этади.

Шундай қилиб, Низомий номидаги Миллий педагогика университетининг Янги Тошкентдаги кампусга босқичма-босқич кўчирилиши билан бир қаторда, унинг Тошкентдаги асосий кампуси, факультет бинолари, талабалар тураржойлари ва бошқа кўчмас мулк объектлари ҳам хусусийлаштириш дастури доирасида босқичма-босқич аукционга чиқарилмоқда.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 160

Барчаси

Мавзуга оид