Тошкентга ёгурт идишида гиёҳвандлик моддаси олиб киришга уринган шахс қўлга олинди
Фарғона–Тошкент йўналишидаги йўловчидан ёгурт идишига яширилган модда, шунингдек, Тошкентдаги хонадондан гашиш ва электрон тарози мусодара қилинди.
© Videodan kadrФарғонадан Тошкентга йўловчи сифатида келаётган шахс ёнидан ва пойтахтдаги хонадонлардан биридан гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Ушбу ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан иккита алоҳида тезкор тадбир ўтказилган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.
«Божхона қўмитаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, олдиндан олинган тезкор маълумот асосида гумон остига олинган фуқаро Фарғона–Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган автомашинада йўловчи сифатида пойтахт томон келаётгани аниқланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур автомашина пойтахт ҳудудига кириб келганидан сўнг тўхтатилган ва холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Қўмита маълумотларига кўра, кўздан кечириш жараёнида фуқаронинг ёнидан икки дона ёгурт идиши ичига полиэтилен пакетга ўралган ҳолда яширилган, умумий оғирлиги 267 грамм бўлган гиёҳвандлик моддаси топилган. Ушбу моддалар белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида олинган.
Хонадондан топилган гашиш ва махсус мосламалар
Иккинчи ҳолатда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда пойтахтдаги хонадонларнинг бирида гиёҳвандлик воситалари сақланаётгани юзасидан тезкор тадбир ўтказган.
«Ўтказилган тезкор тадбир натижасида гумон остига олинган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, 14 грамм гашиш, 1 дона электрон тарози ҳамда гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш учун мўлжалланган махсус мосламалар аниқланиб, белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида олинди», — дейилади хаюарда.
Ҳозирда юқоридаги ҳар икки ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Расмийларнинг қўшимча қилишича, тергов якунлари бўйича ҳолатларга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.





