Logo

Трамп Эронни яккаламоқчи. Хитой ва Россия уни қутқара оладими?

Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШ учун Эроннинг Пекин ва Москва билан ўрнатган чуқур савдо алоқаларини узиш осон кечмайди.

Трамп Эронни яккаламоқчи. Хитой ва Россия уни қутқара оладими? © White House

АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳронга қарши «Ҳал қилувчи иқтисодий ҳужум» эълон қилар экан, Эронга иқтисодий жиҳатдан «ёрдам қўлини чўзган» ҳар қандай давлатни молиявий жазолаш билан таҳдид қилди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги катта маблағ талаб қилаётган можаро бошланганига олти ой тўлганда янграётган бу таҳдид Трампнинг ўзига хос сиёсатини акс эттиради. Бу ҳолат — унинг иккинчи бошқарув муддати аввалидаги қатор зарарли савдо урушларидан сўнг, ташқи сиёсий мақсадларга эришиш йўлида АҚШнинг иқтисодий қудратидан фойдаланишга қаратилган навбатдаги уринишидир.

Бироқ, экспертларнинг таъкидлашича, Трампда Эроннинг икки асосий савдо ҳамкори — Хитой ва Россияга таъсир ўтказиш имкониятлари жуда чекланган. Россия шусиз ҳам АҚШнинг кенг қамровли санкциялари остида қолган ва асосан Америка етакчилигидаги иқтисодий тизимдан ташқарида фаолият юритмоқда. Хитой эса, модомики бу ўз иқтисодий манфаатларига мос тушса, АҚШ санкцияларини эътиборсиз қолдиришга тайёр эканини бир неча бор намойиш этган.

Қатардаги Жоржтаун университети доценти Пол Мусгрейв «Ал Жазира» телеканалига берган интервюсида Трамп учун ушбу босим кампаниясини самарали амалга ошириш «жуда қийин кечишини» таъкидлади.

«Трамп одатда кўп томонлама мувофиқлаштиришни талаб қиладиган санкцияларни бир томонлама тартибда қўллашга уринмоқда. Бунинг учун эса Хитой, Россия ва БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги бешликни ҳам мазкур қарорга кўндириш талаб этилади», — деди Мусгрейв.

«Жуда оғир иқтисодий оқибатлар»

Сешанба куни АҚШ президенти ўзининг «Truth Social» тармоғидаги саҳифасида Эронга қарши кампания «энг ҳалокатли иқтисодий операция» бўлишини таъкидлади.

Бундан ташқари, у нефт контрабандаси, своп линиялари, пул ўтказмалари, валюта айирбошлаш шохобчалари, кемаларни рўйхатга олиш ва сохта компаниялар орқали ҳаракат қилиш каби усулларни санаб ўтди. Президент АҚШ санкцияларини четлаб ўтишда Эронга кўмаклашадиган давлатлар «жуда оғир иқтисодий оқибатларга» юз тутишидан огоҳлантириб:

«Буларнинг барчаси ҲОЗИРОҚ тўхтатилиши шарт», — деб ёзди.

Айнан шу куни Эрон узоқ йиллардан буён муҳим импорт товарлари ва тижорат бозорларига чиқишда суяниб келган Бирлашган Араб Амирликлари Теҳронга нисбатан номаълум муддатга савдо эмбаргосини эълон қилди. Бунга БААнинг ўз ҳудуди томон иккита баллистик ракета учирилганида Эрон ҳарбийларини айблагани сабаб бўлди.

Брандеис университетининг Яқин Шарқ иқтисодиёти бўйича профессори Нодир Ҳабибийнинг фикрича, АҚШ БААни савдо эмбаргоси жорий этишга «қаттиқ ундаган ёки мажбур қилган» бўлиши мумкин. Шунингдек, АҚШ Эроннинг бошқа савдо ҳамкорларига, хусусан, улар орасида энг йириги бўлган Хитойга ҳам босим ўтказишга уриниши эҳтимолдан холи эмас.

«Вақтинчалик сулҳ»

АҚШнинг Хитой ва Эрон ўртасидаги савдо-сотиқни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай режаси жиддий тўсиқларга дуч келиши табиий.

«Kpler» таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, 2025 йилда Хитой Эрон экспорт қилган нефтнинг 80 фоизини харид қилган. Бироқ Хитойнинг нефтни қайта ишлаш заводларини назорат қилиш ва жазолаш кўпинча мураккаб жараён ҳисобланади. Бунга уларнинг аксарияти мустақил фаолият юритиши ҳамда АҚШ молия тизимига қарам эмаслиги сабаб бўлади.

АҚШ Молия вазирлиги таҳдид қилганидек, агар Хитойнинг йирик банклари Эрон маблағлари билан ишлашда давом этса, уларга қўлланиладиган санкциялар оғриқли бўлиши аниқ. Бироқ бундай қадам, ҳозирги нозик дипломатик даврда, Пекинни жавоб зарбаси беришга ҳам ундаши ҳеч гап эмас.

«Chatham House» таҳлил марказининг Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича катта илмий ходими Ю Жиенинг таъкидлашича, Трампнинг Эроннинг иқтисодий иттифоқчиларини нишонга олиш таҳдиди «Пекиннинг иштирокини ва Теҳрон билан мавжуд савдо алоқаларини ўзгартира олмайди».

«Трамп Хитой билан алоқаларни барқарорлаштирмоқчи, Пекин ҳам Вашингтон билан вақтинчалик сулҳ тузишни мақсад қилган», — деди Ю «Ал Жазира» телеканалига.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Жиан Трампнинг иқтисодий босим кампаниясига муносабат билдирар экан, қўшимча санкциялар «муаммони ҳал қилишга ёрдам бермаслигини» қайд этди.

«Хитой тегишли томонларни масъулият билан ҳаракат қилишга ҳамда зиддиятларни дипломатик ва сиёсий йўллар билан ҳал этишга чақиради», — деди Лин.

Россиянинг параллел алоқалари

Россия эса Вашингтон учун мутлақо бошқача муаммо туғдирмоқда.

Россия Эрон учун Хитойга қараганда кичикроқ савдо ҳамкори ҳисобланади. Аммо Москва ва Теҳрон Ғарб чекловларини айланиб ўтишга хизмат қилувчи муҳим тижорий ҳамда ҳарбий алоқаларни ўрнатиш учун йиллар сарфлаган.

Россия энергетика вазири Сергей Цивилевнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг январ ойида қаттиқ санкциялар остида қолган бу икки давлат 20 йиллик ҳамкорлик шартномасини имзолади. Натижада, 2025 йилнинг дастлабки 11 ойи ичида ўзаро савдо айланмаси 4,8 миллиард долларгача ошган.

Маълумотларга кўра, Россия ва Эрон Каспий денгизи орқали нафақат санкцияга тушган нефтни, балки қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ҳам ўзаро алмашмоқда.

Душанба куни «NBC News» телеканали Европа ҳукуматларидан бирининг ҳужжатига таяниб, Россия Эронга денгиз йўли орқали дрон қисмлари, ўқ-дори ва тротил (TNT) жўнатгани ҳақида хабар берди.

Бунга қадар эса АҚШ Россияга қарши кенг қамровли иқтисодий санкциялар жорий қилган эди.

«Иқтисодий терроризм»

Чоршанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Трампнинг мамлакатга қарши бошлаган иқтисодий кампаниясини кескин қоралади. У буни Вашингтоннинг «муваффақиятсиз сиёсати»нинг мантиқий давоми эканини ва у «навбатдаги мағлубият» билан тугашини таъкидлади.

«АҚШнинг иқтисодий терроризми глобал иқтисодиётга ва бутун дунё бўйлаб давлатлар суверенитетига таҳдид солмоқда», — деб ёзди Аббос Арақчи «X» тармоғидаги саҳифасида.

Россия, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва бошқа йирик давлатларни ўзида жамлаган БРИКС ташкилотининг тўлақонли аъзоси сифатида, Эрон ушбу тузилмадаги нуфузидан янги молиявий йўлакларни топиш учун фойдаланишга интилмоқда.

Ўтган ҳафтада Эрон Марказий банки раҳбари Абдулносир Ҳимматий Теҳрон БРИКСнинг Янги тараққиёт банкига (ЯТБ) қўшилишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу эса Ғарб молия бозорларига қарамликдан қутулиб, муқобил молиялаштириш манбаларини излаб топишга кенгроқ йўл очади.

Шунингдек, Ҳимматийнинг таъкидлашича, Эрон БРИКС давлатлари ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валюталарда амалга ошира олишига тўла ишонади.

Янги тараққиёт банки ҳозирча Эроннинг аъзо бўлиш эҳтимоли юзасидан ҳеч қандай расмий изоҳ бермади, чунки бунинг учун махсус тартиб-қоидаларидан ўтиш талаб этилади.

Теҳрондаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Али Акбар Дарейнининг сўзларига кўра, АҚШнинг «бўғувчи» санкцияларига қарамай, Эрон олдинга силжиш йўлини топа олади.

«Трамп ўзи ғалаба қозона олмайдиган ва чиқиб кета олмайдиган уруш ботқоғига ботиб қолди», — деди Дарейни «Ал Жазира» нашрига.

Теглар

Мавзуга оид