Урушни тугатиш шартлари ва Ўзбекистон иқтисодига таъсири – сўз Эрон элчисига

Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинлик фонида урушни тугатиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Бу жараён Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатлари ва логистика йўналишлари учун ҳам катта аҳамиятга эга.




Эронда уруш бошланганига бир ой тўлди. Яқин Шарқ минтақасининг турли нуқталарида ракеталар ва дронлар учириляпти, портлашлар бўляпти. Аммо уруш таъсири фақат шу минтақа билан чекланиб қолаётгани йўқ. У дунё иқтисодиётини ҳам шок ҳолатга туширган. Нефтдан тортиб, ўғит ва ҳатто озиқ-овқат ишлаб чиқаришгача бўлган кенг тармоқ хавф остида. Бу, албатта, Ўзбекистон иқтисодига ҳам таъсир этмай қолмайди. Шундай экан, урушнинг тезроқ тугаши жаҳон иқтисоди учун фойдали бўлган бўларди. Лекин у қандай ҳолатда тугаши мумкин?

Сўнгги пайтларда Оқ уйдан Теҳрон билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида хабарлар чиқа бошлади. Трампнинг ўзи уларни самарали дея тарифлади. Аммо Эрон буни рад этмоқда. Кеча, 30-март куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон орқали АҚШнинг таклифларини олганини ва бундай таклифларни рад этганини билдирди.

Хўш, Эрон қайси шартларда урушни тугатишга рози бўлади? VAQT.UZ журналисти бу саволга Эроннинг Тошкентдаги элчиси Муҳаммад Али Искандарийдан жавоб олди.

«Агар биз улар айтаётган талабларни қабул қилганимизда, бугунги сиз кўриб турган қаршилик кўрсатишни амалга оширмаган бўлардик.

Биз агрессор аниқланиши, унга ҳуқуқий баҳо берилишини, агрессия туфайли бизга етказилган зарар компенсация қилинишини, бизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларимиз тан олинишини, биз кўзда тутган мақсадларга тўғри баҳо берилиши ва уни аниқлаштирилишини талаб қиламиз. Шулар қабул қилинган ҳолатдагина биз уларнинг шартларини кўриб чиқишимиз мумкин», – деди элчи.

Урушнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида тўхталадиган бўлсак, Эрон ташқи савдода Ўзбекистоннинг ТОП 20 ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2025-йилда икки давлат орасида 578,9 млн долларлик савдо қилинган.

Эрондан Ўзбекистонга цемент, араб ҳурмоси, апелсин, нок, чой, лимон, гилам каби маҳсулотлар импорт қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкониятларини ошириб, логистика харажатларини камайтиришга ёрдам берадиган, Ўзбекистон учун Хитой, Жануби-Шарқий Осиё ва бошқа давлатлардан юкларни қабул қилиш ва экспорт қилишда асосий транзит хаби ҳисобланадиган Бандар-Аббос порти ҳам Эрон ҳудудида жойлашган. Музкур порт ҳам АҚШ ва Исроил ҳужумига учраган. Элчи Муҳаммад Али Искандарий ҳам буни тасдиқлари ва Эрон машинасининг орқага юрмаслигини, фақат олдинга ҳаракат қилишини айтди.

«Биз ўзбекистонликлар учун ҳеч нарсани ёпганимиз йўқ. Ҳатто Бандар Аббос портлаган пайтда ҳам биз у ерда турган берча ўзбек товарларини Ўзбекистонга етказиб бердик. Бир йилда Эрон ҳудуди орқали Ўзбекистоннинг 1 млн 200 минг тонна экспорт ва импорт юклари ташилади. Ўзбекистон бундан ҳам кўпроқ юкни ташишни истаса, биз бунга ҳам тайёрмиз», – деди Искандарий.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги 140 кишилик делегация ўтган йили Эронда бўлганди. Ўшанда томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш истиқболларини муҳокама қилди, шунингдек, транспорт-логистика соҳасидаги кўп йиллик муаммоларни зудлик билан ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, икки давлат орасида Имтиёзли савдо битими ҳам имзоланган. Элчи Искандарийнинг айтишича, ҳозирда битимни ратификация қилиш жараёни давом этмоқда.

«Ўзбекистон ва Эрон иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади. Яъни, Ўзбекистон Эронга нимаки экспорт қилса, биз сотиб олиш имкониятига ёки сотиб олиш эҳтиёжига эгамиз. Шунингдек, бизда ишлаб чиқариш жуда диверсификация қилингани туфайли Ўзбекистон эҳтиёжи учун бўлган ҳар қанақа товарни биз ишлаб чиқаришимиз мумкин. Эронда ишлаб чиқариладиган товарларнинг нахлари ниспатан арзон экани ва сифати яхшилиги туфайли, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ташиш ҳаражатларининг ҳам арзонлигини ҳисобга олсак, ўзаро савдонинг жуда катта истиқболлари бор»

Теглар

Алибек Бейжанов

Алибек БейжановМақолалар сони: 403

Барчаси

Мавзуга оид