
Uzum Америка жамғармасидан 25 млн доллар инвестиция жалб қилди
Компания ушбу сармоя маблағларини рақамли банкинг ва тўлов инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтиришини маълум қилди.

Uzum компанияси ривожланаётган бозорлардаги етакчи халқаро инвесторлардан бири – Американинг VR Capital фондидан 300 миллиард сўмни (25 млн доллар) жалб қилди. Бу жамғарманинг Uzum'га киритган иккинчи сармояси эканлиги қайд этилди.
Компанияга кўра, мазкур жалб қилинган маблағлар рақамли банкинг, тўлов инфратузилмаси ва истеъмол кредитлари ривожланишини тезлаштириш учун ишлатилади.
«Миллий валютада молиялаштиришни жалб қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Бу халқаро ҳисоб-китобларда сўмнинг ролини кучайтиради ва мамлакатда корпоратив молиялаштиришнинг барқарорлигини оширади», дейилади компания хабарида.
Қайд этилишича, бугунги кунда Uzum хизматларидан 20 миллион ўзбекистонлик фойдаланади.
Аввалроқ Uzum компанияси акцияларини Лондон фонд биржасига жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Uzum компанияси 74,5 млрд сўм солиқ тўлади.





