Халқаро майдонда «кичик ўрта кучлар»нинг ўрни: Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон мисолида
Глобал кучлар ўртасидаги рақобатда энди фақат йирик державалар эмас, балки транзит йўлаклари, энергия ресурслари ва стратегик жойлашувга эга давлатлар ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
© Ijtimoiy tarmoqlar«Carnegie Russia Eurasia Center» тадқиқотчиси Заур Шириевнинг «Financial Times» (FT) нашрида эълон қилинган мақоласида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон каби давлатларнинг минтақавий ҳамда глобал жараёнлардаги таъсири таҳлил қилинди. Қуйида мазкур мақола асосида тайёрланган шарҳни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Шириев ўз мақоласида таъкидлашича, жорий йилнинг январ ойида Канада бош вазири Марк Карнининг Давосдаги нутқидан сўнг «ўрта кучлар» мавзуси яна кун тартибига чиққан. Қоидаларга асосланган дунё тартиботи заифлашаётган бир пайтда Канада, Ҳиндистон, Бразилия, Жанубий Африка ва Мексика каби давлатларнинг йирик державаларни жиловлай олиш ёки ўзаро коалициялар туза олиш салоҳияти катта қизиқиш уйғотмоқда.
«Шу сабабли, кўплаб ҳукуматлар ўзларини «ўрта куч» мақомига муносиб кўришга шошилмоқда», — дейилади таҳлилда.
Муаллифнинг фикрича, халқаро кун тартибини кенг миқёсда белгилай олмаса-да, вазиятга сезиларли таъсир кўрсата оладиган давлатлар ҳам бор бўлиб, уларни «кичик ўрта кучлар» деб аташ мумкин.
Унинг ёзишича, бундай давлатларнинг умумий қудрати чекланган бўлса-да, улар энергетика, транспорт йўлаклари, минтақавий хавфсизлик, воситачилик, молия, технология, географик жойлашув ёхуд йирик давлатлар тил топиша олмайдиган томонлар билан мулоқот ўрнатиш каби бир қатор йўналишларда реал таъсир дастакларига эга.
Эксперт бу ўринда асосий масала шунчаки бундай устунликларга эга бўлиш эмас, балки улардан оқилона фойдалана олиш эканлигига эътибор қаратган.
Мақолада келтирилишича, Қатар ва Уммон дипломатик йўналишдаги шундай «кичик ўрта кучлар» саналади.
Жумладан, Қатар ўзининг табиий газ захиралари, улкан молиявий имкониятлари ҳамда мураккаб сиёсий ўйинчилар билан ўрнатган алоқаларини катта дипломатик нуфузга айлантира олган.
Уммон эса ўзининг вазмин сиёсати, стратегик жойлашуви ва ўзаро рақиб томонлар ўртасида мулоқот каналларини очиқ сақлай олиш қобилиятига таянади. Таҳлилчига кўра, ҳар икки давлат учун воситачилик шунчаки дипломатик вазифа эмас, балки муҳим таъсир воситасидир.
Заур Шириевнинг таъкидлашича, Озарбойжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар ҳам географик жойлашуви ҳамда инфратузилмаси жиҳатидан халқаро майдонда муҳим таъсир кучига эга.
Қайд этилишича, Озарбойжон энергия ресурсларининг йирик экспортчиси бўлиши билан бирга, Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғловчи стратегик савдо йўлларида жойлашган. Бу омиллар уни Жанубий Кавказ сиёсати ва хавфсизлигида ҳал қилувчи давлатга айлантиради.
Қозоғистон ўзининг улкан нефт ва уран захиралари ҳамда Россия ва Хитой ўртасидаги қулай жойлашуви орқали минтақадан ташқарида ҳам ўз таъсир доирасини кенгайтириш имконига эга.
Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг қоқ марказидаги транзит жойлашуви ва энг йирик демографик салоҳияти туфайли минтақавий савдо ҳамда дипломатияда тобора катта имкониятларга эга бўлиб бормоқда.
«FT» мақоласида Ўрта йўлак бунинг ёрқин мисоли сифатида келтирилган. Унга кўра, Озарбойжон ва Қозоғистон Осиё ҳамда Европани боғловчи йўналишнинг марказида жойлашган бўлса, Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги билан ўзаро алоқаларини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.
Муаллифнинг фикрича, мазкур йўл Россия ҳудуди орқали ўтувчи шимолий йўналишга нисбатан мураккаброқ ҳисобланса-да, ҳукуматлар ва бизнес доиралари учун ўта муҳим муқобил вариантни тақдим этади.
Шу билан бирга, мазкур уч давлат Марказий Осиёнинг қайта тикланадиган энергия манбаларини Озарбойжон орқали Европага етказиб берувчи Қора денгиз электр кабелига улаш имконини берувчи Каспий яшил энергетика йўлагини ҳам фаол ривожлантираётгани алоҳида эътироф этилган.
Эксперт, шунга қарамай, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё атрофидаги муҳокамалар ҳамон фақат Россия, Хитой ва Ғарб ўртасидаги геосиёсий рақобат сифатида талқин қилинаётганини билдиради. Бу ҳолат минтақадаги аксарият давлатларнинг ўзига хос сиёсати ва саъй-ҳаракатларини эътибордан четда қолдиради.
Таъкидланишича, Озарбойжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон кўп векторли муносабатларни сақлаб қолишга интилмоқда. Сабаби, география, савдо ва хавфсизлик билан боғлиқ омиллар фақат бир томонга мойил бўлган иттифоқчиликни ўта хавфли ҳолатга келтириб қўяди.
«Шу тариқа, улар Россия, Хитой, Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан бирдек ҳамкорлик қилиб, йирик кучлар ўртасида манёвр қилиш имкониятини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда», — дейилади мақолада.
Қайд этилишича, худди шундай ҳолатда Қатар ва Уммон Вашингтон билан хавфсизлик соҳасида яқин алоқаларга эга бўлса-да, АҚШнинг рақиблари билан ҳам мулоқот каналларини очиқ сақлайди, бу эса уларга ҳар қандай томондан бўладиган босимга муваффақиятли қарши туриш имконини беради.
Мақолада шунингдек, 2024 йил декабр ойида юз берган ҳолатга ҳам эътибор қаратилган. Шириев Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «Озарбойжон ҳаво йўллари» йўловчи самолётини уриб туширганидан сўнг, кучлар мувозанати тенг эмаслигига қарамай, Бокунинг бунга муносабати кутилганидан-да кескин бўлганини эслатади.
Маълум қилинишича, Боку кенг қамровли ўзаро муносабатларга путур етказмаган ҳолда, Москвадан жавобгарликни тан олишни, айбдорларни жазолашни ва товон пули тўлашни қатъий талаб қилган. Натижада Россия бу ҳалокатга ўзининг мудофаа тизимлари сабаб бўлганини тан олган ва товон пули тўлашга розилик билдирган.
Шириевнинг таъкидлашича, «кичик ўрта кучлар»нинг таъсир доираси улар назорат қиладиган ресурсларга бошқаларнинг эҳтиёжи ортган пайтда энг юқори чўққига чиқади. У харидорлар муқобил таъминот манбаларини излаётган бугунги шароитда Озарбойжоннинг нефти ва гази янада муҳим аҳамият касб этаётганини билдиради.
Бундан ташқари, Россия орқали ўтувчи савдо йўлларининг издан чиқиши ортидан Ўрта йўлакнинг аҳамияти сезиларли даражада ортган. Бироқ ушбу йўналишда жойлашган ҳукуматлар Ғарбнинг Россия билан савдо алоқалари қайта тиклангудек бўлса, ташилаётган юкларнинг бир қисми яна шимолий йўналишга қайтиши мумкинлигини ҳам яхши англайди.
Таҳлилчининг хулоса қилишича, Қатар ва Уммон каби мамлакатларнинг воситачилик салоҳияти томонлар бир-бири билан бевосита мулоқотдан воз кечган инқирозли даврларда айниқса қадрли ҳисобланади. Гарчи бу давлатлар янги халқаро тартиб-қоидаларини мустақил белгилаб бермаса-да, дунё аренасида ўз таъсирини ўтказишга интилаётган йирик кучлар кўпинча айнан мана шундай кичик ўрта давлатларнинг транзит йўлакларига, ресурсларига ва дипломатик имкониятларига таяниб қолади.
«Энди йирик давлатлар уларнинг ҳамкорлигисиз муваффақиятга эришиши тобора қийинлашиб бормоқда», — дея якунланади мақола.





