Logo

Хоразм, Самарқанд ва Фарғонада уй-жой нархлари қанчалиги ўрганилди

Бугун 18:332 дақиқа

Энг юқори нарх Самарқандда, энг арзони водийда. Кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг 1 кв.метр учун энг юқори ўртача нархи 11,8 млн сўм бўлди.

Хоразм, Самарқанд ва Фарғонада уй-жой нархлари қанчалиги ўрганилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Жорий йилнинг август ойи давомида Фарғона вилоятининг 3 та, Самарқанд вилоятининг 2 та ва Хоразм вилоятининг 2 та ҳудуди бўйича электрон савдо платформаларидаги кўчмас мулк обектларининг бозор нархларини ўрганиш ишлари якунланди. Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази тақдим этган маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳрида кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг 1 кв.метр учун энг юқори ўртача нархи 11,8 млн сўм бўлди. Қўқонда у 7 млн сўм, Урганчда 6,9 млн сўм ва Каттақўрғонда 6,3 млн сўмни ташкил этди.

photo_2026-09-06_18-34-50


Самарқанд шаҳри якка тартибдаги тураржойлар бўйича ҳам энг юқори кўрсаткични кўрсатди. У ерда 1 сотихи учун 472,1 млн сўм. Хоразм вилояти марказида бу кўрсаткич 318,5 млн, Хивада 260,3 млн, Қўқонда эса 198,6 млн сўмни ташкил қилади.

Нотурар объектлар бўйича энг юқори ўртача нарх ҳам Самарқанд шаҳрида — 12,9 млн сўм (1 кв.м учун). Урганчда 7,7 млн, Каттақўрғон ва Қўқонда 7 млн сўм этиб кўрсатилган.

Бундан олдин Тошкентда 600 мингдан ортиқ квартира ва 213 мингта ҳовли-жой оммавий баҳоланганди. Пойтахтда амалдаги кадастр қиймати ва оммавий баҳолаш доирасида аниқланган қиймат ўртасидаги фарқ квартиралар учун деярли 7,4 бараварни, хусусий уйлар учун эса деярли 15 бараварни ташкил этди. Тошкентдаги 600 мингдан ортиқ хонадоннинг амалдаги кадастр қиймати 57,7 трлн сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасида қиймат 426,7 трлн сўм этиб белгиланган. 213 мингдан ортиқ ҳовлилар учун жорий кадастр қиймати 39,1 трлн сўмни ташкил этади, оммавий баҳолашдан сўнг уларнинг қиймати 587 трлн сўмга етди.

Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг 2026-йил 24-февралдаги ПҚ-73-сон қарорига мувофиқ, 14 та йирик агломерация бўйича кўчмас мулк бозорини таҳлил қилиш ва обектларнинг бозор қийматларини мунтазам аниқлаш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адлия вазирлиги эскроу тизими уй-жой нархини ошириши мумкинлигини таъкидлаганди.

Теглар

Мавзуга оид