Logo

Хориждаги ўзбекистонликларга 850 минг доллар иш ҳақи ундириб берилди

Бугун 15:301 дақиқа

Миграция агентлиги тўққиз ойда хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар фойдасига 850 минг доллар иш ҳақи ва компенсация ундириб берди. Мурожаатларнинг асосий қисми Россия, Туркия ва Жанубий Кореядан келиб тушган.

Хориждаги ўзбекистонликларга 850 минг доллар иш ҳақи ундириб берилди © TASS

2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар фойдасига 850 минг доллар иш ҳақи ва компенсация ундириб берилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳисобот даврида иш ҳақи ва компенсацияларни ундириш бўйича 817 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилган. Натижада хорижий иш берувчилардан тегишли маблағлар ундирилиб, фуқароларга қайтарилган.

Мурожаатларнинг энг кўпи Россиядан келиб тушган. Ушбу давлатда ишлаётган ўзбекистонликлардан 533 та мурожаат қабул қилинган. Туркиядан 155 та, Жанубий Кореядан 92 та мурожаат кўриб чиқилган. Бошқа давлатлар ҳиссасига 37 та мурожаат тўғри келган.

Ҳужжатлар ҳам қайтарилди

Ҳисобот даврида яна 532 нафар ўзбекистонликнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари воситачилар ва хорижий иш берувчилардан қайтариб олинган.

Давлатлар кесимида Россияда 331 нафар, Туркияда 185 нафар, Қозоғистонда 11 нафар ва Жанубий Кореяда беш нафар фуқаронинг ҳужжатлари қайтарилган.

Миграция агентлиги хорижда меҳнат фаолияти давомида қийин вазиятга тушган фуқароларни ёрдам сўраб мурожаат қилишга чақирди. Бунинг учун 1282 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш ёки «@huquqiy_yordam_uzbot» Телеграм ботига ёзиш мумкин. Мурожаатлар кеча-ю кундуз қабул қилинади.

Теглар

Мавзуга оид