Япония Россиядан Хабаровскдаги «Ғалаба монументи»ни олиб ташлашни талаб қилди
Совет аскари ва хризантема герби тасвирланган ёдгорликнинг очилиши Токионинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Москва бунга жавоб қайтарди.

Япония бош вазири Санаэ Такаичи Россия томонидан Хабаровскда ўрнатилган «Ғалаба монументи»ни демонтаж қилишни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, ёдгорлик композицияси япон халқи учун ҳақорат ҳисобланади.
Япониянинг эътирози
«Япония ҳукумати Россия томонидан ёдгорлик ўрнатилишини тўхтатишни ва уни демонтаж қилишни қатъий талаб қилди. Биз бундан кейин ҳам Россия томонини уни олиб ташлашга қатъий чақиришда давом этамиз», — дея баёнот берди Такаичи.
Гап 4 сентябрь куни Хабаровскда очилган бронза композицияси ҳақида кетмоқда. Унда совет аскарининг хризантема герби туширилган чегара устунини бузаётгани тасвирланган.
Япония бош вазирининг таъкидлашича, хризантема герби кенг миқёсда Япония рамзи сифатида қабул қилинади, шунинг учун унинг йўқ қилиниши тасвирланган ёдгорликнинг ўрнатилиши «мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат» ҳисобланади ва япон халқининг ҳис-туйғуларига дахл қилади.
Такаичи Токио аллақачон Россиядан монумент ўрнатилишини тўхтатишни ва уни олиб ташлашни расман талаб қилганини эслатиб ўтди. Шунингдек, у Япония ҳукумати ёдгорликни демонтаж қилишга эришишда давом этишини қўшимча қилган.
Москванинг жавоби
Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Япониянинг Хабаровскдаги ёдгорликни олиб ташлаш талабига муносабат билдирди.
«Энди фақат шамолдан эсмасликни ва қуёшдан нур сочмасликни талаб қилиш қолди... Еримиз — аждодларимиз томонидан ҳимоя қилинган; тарихимиз — фактларга асосланган; хотирамиз — ёдгорликда муҳрланган», — деди у.
Шу билан бирга, Захарова «Токио ўз тарихига ҳурматсизлик билан қарашини» айтди.





