Яқин Шарқда катта ўйин: урушнинг учинчи куни кундалиги
Яқин Шарқ яна ўт олди. АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудини бомбалаши минтақада йиллар давомида тўпланиб келган қарама-қаршиликларни очиқ уруш босқичига олиб чиқди.
Энди бу фақат баёнотлар, таҳдидлар уруши эмас, балки, ракеталар, дронлар ва стратегик объектларга қаратилган аниқ ҳужумлар уруши.
Мана шундай шароитда тезкор, холис ва текширилган ахборот томошабин учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Шу боис, биз «Уруш кундалиги» лойиҳасини йўлга қўйдик. Бу махсус формат орқали сиз азиз томошабинни урушдаги вазият, расмий баёнотлар, халқаро муносабатлар динамикаси ва ҳарбий-сиёсий таҳлиллар билан изчил равишда таништириб борамиз.
Исроил ва АҚШнинг 28 февралдан 1 мартга ўтар кечаси Эрон шаҳарларини бомбалаши туфайли Эрон Олий раҳнамоси, 86 ёшли оятуллоҳ Али Ҳуманаий ўз қароргоҳида ўлдирилди.
У билан биргаликда оила аъзолари, ҳаттоки 1,5 яшар норасида невараси ҳам ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Теҳрон ва бошқа шаҳарларга бомбалар ёғдирилиши натижасида Эрон олий раҳбариятининг бир нечта аъзолари, жумладан мудофаа вазири ва бош штаб раҳбари ҳам ҳалок бўлишган. Умуман олганда, Эрон Қизил яримой жамияти маълумотига кўра, АҚШ ва Исроил ҳужумларидан сўнг мамлакатда 555 киши ҳалок бўлган.
Бугун бу урушга 15га яқин давлат бевосита ва билвосита тортилиб бўлди.
Эрон эса ҳужумни жавобсиз қолдирмаяпти. Жавоб зарбалари географияси кенгаймоқда, ҳар бир янги кун эса можаронинг чегараси янада ёйилаётганини кўрсатмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар интенсивлиги ошмоқда. Бу ҳолат вазиятни локал тўқнашувдан минтақавий урушга айланиш хавфи билан юзма-юз қолдирмоқда.
Бугун эрталаб Эрон Исроил ва Кувайт дохил Форс кўрфазидаги мамлакатларга ракеталар ва зарбдор дронлар билан зарба беришни бошлаб юборди. Минтақанинг бир неча шаҳарларида портлашлар ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларининг ишга тушгани кузатилди.
Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси Исроил ва минтақадаги Америка базаларига зарба беришда Fattoh-2 ҳипертовушли ракетасидан фойдаланганини маълум қилди.
Ана шундай ракеталардан бири Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси иддаосига кўра, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг офисига ва Исроил ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонининг штабига бориб урилган.
Кувайтда эса АҚШнинг F-15 самолёти қулаётгани тасвирлари тарқалди. Маълум қилинишича, тасвирдаги ҳарбий учоқни ўзиникилар отиб қўйишган.
Кувайт мудофаа вазирлиги эрталаб мамлакатда Американинг бир нечта ҳарбий учоқлари ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берди (айрим маълумотларга кўра, самолётлар сони учта). Барча учоқларнинг учувчилари катапултадан фойдаланган ва текшириш учун шифохонага етказилган. Уларнинг ҳолати барқарор деб аталмоқда.
Ҳодисага нима сабаб бўлгани ҳозирча очиқланмаяпти. Шуниси аниқки, Эроннинг мамлакат ҳудудига интенсив зарбалари фонида рўй берган. Эрон ҳарбий учоқларни ўзи уриб туширганини иддао қилган, АҚШ эса ўзлари адашиб учиб туширганини таъкидламоқда.
Баҳрайндаги Америка ҳарбий базаларига навбатдаги зарбалар уюштирилгани ҳам маълум қилинмоқда.
Кўрфаз давлатларидан бири — Қатар Эрон ҳокимияти билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилди. Аввалроқ, Эрон дронлари бу давлатдаги АҚШ базасини нишонга олгани ва ўта қимматбаҳо радар ускунасини «Shahed» дрон билан йўқ қилгани хабар қилинган эди.
Қатар ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилига кўра, Эрон фуқаролик инфратузилмасига зарба берган. Қатар қирувчи самолётлари эса зарбдор дронлар ва ракеталарни йўқ қилган.
«Бундай ҳужум жавобсиз қолиши мумкин эмас. Эрон халқимизга очиқдан очиқ ҳужум учун жавоб бериши керак», деган расмий.
Саудия Арабистонидаги Saudi Aramco нефтни қайта ишлаш заводи пилотсиз парвоз қурилмаси зарбасидан сўз ўз ишини тўхтатиши маълум қилинди. Рас Танур гаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводига Эрон дрони келиб урилганидан сўнг ёнғин келиб чиққан. Айни пайтда ёнғин қуршаб олиниб, ўчирилгани маълум қилинмоқда.
Айрим манбалар Эрон Туркиядаги Инжирлик ҳарбий базасига ҳам ҳужум уюштиргани ҳақда хабарлар тарқатди. Бироқ, Туркиянинг дезинформацияга қарши курашиш маркази бу хабарлар асоссиз дея рад этиб чиқиш қилди.
Туркияда бирор хорижий давлатга тегишли ҳарбий базалар мавжуд эмас. Туркия Республикасининг ҳаво ҳудуди, қуруқлик ҳудуди, денгиз юрисдикция зоналари ва ҳарбий объектлари тўлиқ унинг суверенитети ва назорати остидадир. Мамлакатимизга қарши ҳеч қандай ҳужум содир этилмаган. Туркияни минтақавий можаролар томони сифатида кўрсатишга уринаётган нашрлар очиқ дезинформация ҳисобланади, дейилади марказ хабарида.
Бу орада бомбалашлар чоғида ҳалок бўлган Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод тирик экани ҳақида хабарлар тарқалди. Бомба унинг қароргоҳи ёнидаги тансоқчилар биносига урилган. Инқилоб посбонлари бўлмиш уч нафар тансоқчи ҳалок бўлган. Собиқ президентнинг бомба тушган жойдан 100 метр нарида бўлган қароргоҳи талафот кўрмаган.
Исроил биргина Эрон билан чекланмасдан, ён қўшниси Ливанни ҳам бомбардимон қилишни бошлаб юборди. Ливан пойтахти Байрутда ўнлаб портлашлар эшитилди. Бомбалашларга сабаб — Ливан ҳудудидан туриб ўт очилиши бўлган. Хабар қилинишича, ракета зарбалари Байрут аэропортига яқин жойларга тўғри келган. Камида 20 киши ҳалок бўлган, 50 киши яралангани хабар қилинмоқда.
Бомбалашлар фонида Исроилда фавқулодда ҳолат режими 12 мартгача узайтириладиган бўлди. Исроилнинг 12 телеканалининг хабар қилишича, Ҳукумат вазирлари шу санагача фавқулодда ҳолат режимини тасдиқлаган.
Агар ҳарбий ҳаракатлар ушбу муддатдан олдин якунланса, фавқулодда ҳолат режими бекор қилинади.
Эрон ҳудудига кенг кўламли ҳарбий ҳужумлардан мақсад «Америка халқини ҳимоя қилиш» эканини билдирган АҚШ президенти Доналд Трамп: «Уруш 4 ҳафта давом этиши мумкин», — деди…
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, расмий Теҳрон Трамп маъмуриятига сезиларли таъсир ўтказа оладиган Форс кўрфази давлатларини нишонга олиш орқали Вашингтон ва Исроилни тезда эскалация ва можарони тўхтатишга мажбур қилиш мумкин, дея ҳисоб-китоб қилган.
Бироқ айни кунлардаги вазият бу ҳисоб-китоблар батамом барбод бўлгани ва Теҳроннинг ўзига қарши ишлагани кўриниб турибди. Форс кўрфази давлатлари Эрон режимига қарши туришга тўғри келади, деган хулосага келиб бўлишди.
Форс кўрфази минтақасида устувор кайфият шундан иборатки, ўз ён қўшниларига мисли кўрилмаган ҳужумлар уюштирган Эронга бу вазиятдан қуруқ чиқиб кетишга йўл қўйиб бўлмайди.
Теглар






