Ерларни хусусийлаштиришда янги тизим, шикастланган авторақамлар онлайн алмаштириш нархи ва бюджет харажатларни оширмаслик бўйича огоҳлантириш — 14-апрел дайжести

Кеча 23:313 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ерларни хусусийлаштиришда янги тизим, шикастланган авторақамлар онлайн алмаштириш нархи ва бюджет харажатларни оширмаслик бўйича огоҳлантириш — 14-апрел дайжести

Президент ерларни хусусийлаштириш бўйича янги тизимга ўтишни топширди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда 2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи рад этилгани маълум қилинди. Бунинг оқибатида 4 минг гектар ерни активга айлантириш ва бюджетга 550 млрд сўм қўшимча тушум имконияти бой берилгани қайд этилди. Шу муносабат билан аризаларга инсон омилисиз 5–10 дақиқа ичида онлайн жавоб берувчи янги тизимга ўтиш топширилди.

Йиғилишда бош режаларда инфратузилмани қачон ва қандай манбалар ҳисобидан қуриш масаласи аниқ белгиланмаётгани танқид қилинди. Бу эса харажатлар ошиши ва пала-партиш қурилишларга сабаб бўлаётгани айтилди. Ҳар бир ҳудуд раҳбарларига икки ойда бош режаларни амалга ошириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш ва молиялаштириш манбаларини аниқ белгилаш вазифаси юклатилди.

Шикастланган авторақамлар онлайн алмаштириш нархи маълум қилинди

Ўзбекистонда шикастланган ёки яроқсиз ҳолга келган авторақамларни онлайн алмаштириш хизмати my.gov.uz портали орқали жорий этилди. Фуқаролар ариза юбориб, керакли рақам белгиси сонини танлаши ва шикастланган рақам фотосини илова қилиши керак, ариза ЙҲХХ томонидан кўриб чиқилади.

Ариза маъқуллангач, янги давлат рақами белгисини олиш учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,5 баравари — 1 млн 442 минг сўмни ташкил этади. Тўловдан сўнг янги рақам тайёрланади ва фуқаро ЙҲХХ бўлинмасида эскисини топшириб, янгисини олади.

ХВЖ Ўзбекистонга бюджет харажатларни оширмаслик бўйича яна огоҳлантирди

Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсиб, ишсизлик 4,8 фоизгача пасайган ва инфляция 7,3 фоизга тушган. 2026 йил учун ўсиш прогнози 6,8 фоизга оширилган, бироқ инфляция 6,8 фоиз даражасида сақланиб, Марказий банк мақсадидан юқори бўлиши кутилмоқда. Жорий операциялар тақчиллиги 3,9 фоизга қисқарган, бюджет дефицити эса 2,1 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, ХВЖ давлат харажатларини оширмаслик ва кенг қамровли субсидиялардан воз кечишни тавсия қилди. Асосий хавфлар сифатида геосиёсий ноаниқликлар, хомашё нархлари ўзгарувчанлиги ва ички бозорда давлат харажатлари орқали талабни сунъий рағбатлантириш қайд этилган. Жамғарма бюджет самарадорлигини ошириш, давлат корхоналарини қўллаб-қувватлашни қисқартириш ва ижтимоий дастурларни оптималлаштиришни таклиф қилди.

Божхона омборлари орқали сотиладиган смартфон ва ноутбукларга бож жорий этилади

Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш доирасида 1 июлдан бошлаб икки йиллик эксперимент сифатида бонд омборлари тизими жорий этилади. Унга кўра, импорт товарлар божхона расмийлаштирувидан сотилгандан кейин ўтади. Янги тартибга мувофиқ, смартфон, ноутбук, планшет ва айрим маиший техника воситалари бонд омборлари орқали сотилганда уларнинг сотиш қийматидан 5 фоиз бож ундирилади ва божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди.

Шунингдек, кийим-кечак ва пойабзал каби 30 га яқин товар турлари учун 3 фоиз божхона божи ва ҚҚС белгиланган. Агар товар сотиш қиймати божхона қийматидан паст бўлса, тўловлар божхона қиймати асосида ҳисобланади. Бонд омборлари орқали тушумлар алоҳида ҳисобга олинади, божхона ва солиқ органлари эса маркетплейслар билан ҳамкорликда товар айланмасини мониторинг қилади.

Ўзбекистонда илк миллий молиявий ҳисобот стандарти тасдиқланди

Ўзбекистонда илк миллий молиявий ҳисобот стандарти тасдиқланди. У Президентнинг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ–282-сон қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилиб, 2026 йил 11 апрел куни рўйхатдан ўтказилди. Янги ҳужжат тадбиркорлик субъектлари учун молиявий ҳисобот юритишда ягона қоидаларни жорий этишга қаратилган.

Стандартнинг асосий вазифаси ҳисоботларнинг ишончлилиги, ҳаққонийлиги ва қиёсланувчанлигини оширишдан иборат бўлиб, у ҳисоб сиёсатини шакллантириш, баҳолаш ва хатоларни тузатиш тартибини белгилайди. Мазкур стандарт аксарият юридик шахсларга татбиқ этилади ва унинг жорий этилиши молиявий шаффофликни ошириш, инвесторлар учун тушунарли муҳит яратиш ҳамда бизнесни халқаро стандартларга яқинлаштиришга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид

Ерларни хусусийлаштиришда янги тизим, шикастланган авторақамлар онлайн алмаштириш нархи ва бюджет харажатларни оширмаслик бўйича огоҳлантириш — 14-апрел дайжести | Vaqt.uz