Шикастланган авторақамлар онлайн алмаштириш нархи маълум қилинди

Бугун 14:561 дақиқа

Ўзбекистонда шикастланган ёки яроқсиз ҳолга келган авторақамларни онлайн алмаштириш хизмати ишга туширилди.

Шикастланган авторақамлар онлайн алмаштириш нархи маълум қилинди © my.gov.uz

Энди шикастланган ёки яроқсиз ҳолга келган авторақамларни онлайн тарзда алмаштириш имконияти яратилди. Мазкур хизмат Ягона интерактив давлат хизматлари (my.gov.uz) портали орқали жорий этилди.

Фойдаланувчилар портал орқали тегишли хизматни танлаб, ариза юбориш имконига эга бўлди. Ариза топшириш жараёнида фуқаролар керакли давлат рақами белгиси сонини танлаши ва шикастланган рақамнинг фотосуратларини илова қилиши лозим. Барча маълумотлар тўлдирилгандан сўнг, ариза Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан кўриб чиқилади.

Янги давлат рақами белгисини олиш нархи

Ариза маъқуллангач, талабгорга тўлов амалга ошириш учун махсус ҳисоб-фактура юборилади. Янги давлат рақами белгисини олиш учун белгиланган тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,5 бараварига тенг бўлиб, бу ҳозирда 1 миллион 442 минг сўмни ташкил этади.

Тўлов амалга оширилгандан кейин янги авторақам тайёрланади. Шундан сўнг фуқарога хабарнома юборилиб, у белгиланган ЙҲХХ бўлинмасига бориб, эски рақамни топшириши ва янгисини қабул қилиб олиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб республика товар-хомашё биржаси орқали ўтказиладиган ауционлар ҳамда «чиройли» рақамларни оширилган ставкаларда бериш амалиёти бекор қилинган эди. Шунингдек, давлат рақам белгиларини сотиб олишнинг янги йўли — «АвтоРақам» мобил иловаси ишга туширилган.

Теглар

Мавзуга оид