Logo

Йирик корхоналарнинг ярми фойдаси билан кредит фоизларини қоплай олмаяпти — Марказий банк

Молиявий барқарорлик шарҳида келтирилишича, мамлакатдаги йирик компанияларнинг 51 фоизида солиқлардан олдинги фойда қарзлар бўйича фоиз харажатларини қоплашга етмайди.

Йирик корхоналарнинг ярми фойдаси билан кредит фоизларини қоплай олмаяпти — Марказий банк © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк таҳлилига киритилган 440 та йирик корхонанинг 51 фоизида солиқ тўлашдан олдинги фойда қарзлар бўйича фоиз харажатларини қоплашга етмаган. Бу қарийб 225 та корхона дегани. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025 йил учун молиявий барқарорлик шарҳида маълум қилинган.

Регулятор корхоналарнинг қарз фоизларини тўлаш имкониятини махсус коэффициент орқали баҳолаган. У солиқ тўлашдан олдинги соф фойданинг фоиз харажатларига нисбатини кўрсатади. Коэффициент 100 фоиздан паст бўлса, корхонанинг жорий фойдаси фоиз тўловларини тўлиқ қопламаётган бўлади.

Марказий банк бундай ҳолат корхонада дефолт хавфи юқорилигидан огоҳлантиришини қайд этган. Бироқ коэффициентнинг 100 фоиздан пастлиги корхона автоматик равишда қарзини тўламайди дегани эмас.

1

Фоиз тўловлари мавжуд пул захиралари, активларни сотиш, қайта молиялаштириш ёки бошқа манбалар ҳисобидан ҳам бажарилиши мумкин.

Шу билан бирга, корхоналар бўйича умумий қоплаш коэффициенти 937 фоизга етган. Яъни умумий ҳисобда солиқ тўлашдан олдинги фойда фоиз харажатларидан 9,37 баравар юқори бўлган.

Умумий кўрсаткичнинг юқорилиги ва корхоналарнинг 51 фоизида қоплаш даражаси 100 фоиздан пастлиги бир-бирига зид эмас.

Бундай катта тафовут умумий натижа айрим юқори фойдали корхоналар ҳисобига шаклланган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ шарҳда медиан кўрсаткич ёки корхоналар кесимидаги тақсимот берилмаган.

2025 йил якунида зарар кўраётган корхоналар улуши 2 фоиз бандга камайиб, 37 фоизни ташкил этган. Фоиз харажатларини фойдаси билан қоплай олмаётган корхоналар улуши эса 51 фоизлигича қолган.

Демак, муаммо фақат зарар кўраётган ташкилотлар билан чекланмаган: фойда кўрсатган корхоналарнинг ҳам бир қисмида бу фойда қарз фоизларини тўлашга етмаган.

Бошқа кўрсаткичларда ижобий ўзгариш кузатилган. Корхоналар мажбуриятларининг капиталга нисбати 7 фоиз бандга камайиб, 152 фоизга тушган.

Жорий ликвидлилик коэффициенти 131 фоизга, активлар рентабеллиги эса 19 фоизга етган. Марказий банк шу кўрсаткичлар асосида корпоратив секторнинг умумий молиявий ҳолати яхшиланганини қайд этмоқда.

Бироқ 51 фоизлик кўрсаткич корпоратив қарздорларнинг катта қисми фоиз ставкалари ошиши ёки даромадлар камайишига нисбатан заифлигича қолаётганини кўрсатади. Бу банкларнинг корпоратив кредит портфели учун ҳам потенциал кредит хатари ҳисобланади.

Шарҳда фоиз харажатларини қоплай олмаётган корхоналар қайси тармоқларга мансублиги, уларнинг қанча қарзи борлиги ҳамда кредитлари қайси банкларда жамлангани очиқланмаган.

Шунингдек, давлат ва хусусий корхоналар бўйича алоҳида тақсимот келтирилмаган. Шу сабабли 51 фоизлик кўрсаткичнинг банк тизими учун реал хавф кўламини ҳозирча тўлиқ баҳолаб бўлмайди.

Яна бир чеклов шундаки, таҳлилга киритиладиган корхоналар рўйхати йирик қарз олувчилар таркиби ва маълумотларнинг мавжудлигига қараб ўзгариши мумкин.

Шу боис кўрсаткични барча йирик корхоналарга тўғридан-тўғри татбиқ этиш ёки йиллар бўйича мутлақ бир хил танланма сифатида солиштириш тўғри бўлмайди.

Теглар

Мавзуга оид

Йирик корхоналарнинг ярми фойдаси билан кредит фоизларини қоплай олмаяпти — Марказий банк | Vaqt.uz