Ёш тадбиркорлар учун 1 млрд сўмгача инвестиция ажратилади

13.02.2026 | 13:352 дақиқа

2026 йилдан Ўзбекистонда ёшларнинг энг яхши бизнес ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Ёш тадбиркорлар» чемпионати йўлга қўйилади.

Ёш тадбиркорлар учун 1 млрд сўмгача инвестиция ажратилади

2026 йилдан бошлаб мамлакатда ҳар йили ёшларнинг илғор бизнес ва стартап ташаббусларини аниқлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказилади. Бу ҳақда «Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгилаб қўйилган. Қарорга мувофиқ, танлов натижаларига кўра энг истиқболли лойиҳаларга молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

Чемпионат доирасида 100 тагача бизнес ва стартап лойиҳанинг ҳар бирига 1 млрд сўмгача инвестиция киритилади. Маблағлар Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда «Ёшлар ventures» венчур жамғармаси ҳисобидан ажратилади. Бу ёшлар ташаббусларини бозорга чиқиш ва кенгайтириш учун муҳим молиявий таянч бўлиши кутилмоқда.

Қўшимча рағбат чоралари

Қарорга кўра, стартап ва бизнес лойиҳаларни брендга айлантириш мақсадида молиявий ва маркетинг хизматлари бўйича экспертлар жалб этилади. Уларнинг харажатлари БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Бу эса лойиҳаларнинг бозорда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси кенгаши чемпионат ғолибларини давлат мукофотлари ҳамда «Фаол тадбиркор» ва «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонларига тавсия этиш юзасидан ваколатли органларга таклиф киритади. Бу механизм ёш тадбиркорларнинг ижтимоий нуфузини оширишга қаратилган.

Рақамли стартап имтиёзлари

2026 йил 1 апрелдан «Рақамли стартаплар» дастурида иштирок этувчи лойиҳаларга ИТ-парк резиденти мақоми берилади. Улар қонунчиликда белгиланган экспортнинг минимал кўрсаткичлари талабисиз имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари, 2026 йилдан ҳар йили «Стартап экспо» кўргазмаси ўтказилиши йўлга қўйилади. У мазкур соҳадаги инновацион ғоялар ва инвесторлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, айнан шу қарор билан талабалар ўртасида «Энг инновацион ғоя» республика танлови, ўқувчилар ўртасида эса «Энг яхши стартап ғояси» танлови ўтказилади.

Теглар

Мавзуга оид