Logo

«Ёзнинг ўртасида келганди, мана кузнинг охирги ойида келди» — ойлаб келмайдиган пропанни «заправка»дан олиш ҳам тақиқланмоқда

Бугун 15:1911 дақиқа

Пропан баллон аксарият ҳолларда кечикиб келадиган хонадонлар учун   «заправка» ягона чора эди. 2027-йил 5-февралдан бу йўл ҳам ёпилади, яъни маиший баллон тўлдирган «заправка»ларга 2,2 млн сўмгача жарима белгиланди. Расмийлар лицензияли шохобчаларни тавсия қилмоқда, бироқ Vaqt.uz’га тақдим этилган рўйхатга кўра, уларнинг бирортаси ҳам Тошкент шаҳри ва вилояти, Навоий ва Сирдарёда йўқ.

«Ёзнинг ўртасида келганди, мана кузнинг охирги ойида келди» — ойлаб келмайдиган пропанни «заправка»дан олиш ҳам тақиқланмоқда

Давлат раҳбари 2-ноябр куни ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка айрим ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади. Икки кундан сўнг, 4-ноябр куни эълон қилинган ушбу ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 101¹-модда — «Суюлтирилган углеводород газини чакана реализация қилиш тартибини бузиш» моддаси билан тўлдирилди.

Рисунок1

Расм: Lex.uz’дан экран тасвири

Унга кўра, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларига суюлтирилган газни маиший газ баллонларига тўлдириб бериш тақиқланади. Бу қоидабузарлик учун БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, яъни 1 млн 320 минг сўмдан 2 млн 200 минг сўмгача жарима белгиланган.

Жарима газ баллонини тўлдирган фуқарога эмас, балки бу хизматни кўрсатган газ қуйиш шохобчасига нисбатан қўлланади.

Қонундаги ўзгартишлар расман эълон қилинганидан уч ой ўтиб, 2027-йил 5-февралдан кучга киради.

Бироқ бу ўзгариш жамоатчилик томонидан кескин танқид қилинди. Янги тартиб аҳоли ва тадбиркорлар учун қўшимча муаммолар туғдириши, газ таъминотидаги узилишлар шароитида уларни муқобил йўлдан ҳам маҳрум қилиши мумкинлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Vaqt.uz бу борада аҳоли, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакилларининг муносабатини ўрганди.

«Танловсиз қолган истеъмолчини жазолайдиган навбатдаги ёмон қонун»

Иқтисодчи Отабек Бакиров блогида янги тартибни танқид қилиб, уни истеъмолчилар манфаатини ҳисобга олмаган, икки хил стандартга асосланган қонун деб баҳолади.

«Ўзи танловсиз ва таланаётган истеъмолчини жазолайдиган навбатдаги ёмон ва икки стандартли қонун. Ҳужжат тилидан оддий тилга кўчирсак, 6 ойлаб уйига пропан келмаётган истеъмолчи иложсизликдан пропан “заправка”сига бориб, пропаннинг килосини 12–13 минг сўмдан сотиб олмоқчи бўлса, “заправка” “ўлганнинг устига тепгандек” яна 2,2 млн сўмгача жарима билан жазоланади», — дея ёзади иқтисодчи.

Бакиров газ таъминоти ташкилотлари аҳолини ўз вақтида пропан билан таъминламаганида уларнинг жавобгарлиги ҳақида гап ҳам бўлмаслиги, бироқ истеъмолчига газни мустақил топиб олишда ёрдам берган «заправка»лар катта жаримага тортилиши мумкинлигига эътибор қаратади.

«Иккиюзламачилик ва икки хил стандарт шу даражадаки, Ҳудудгаз ёки ачиган хамиртурушдан бир думалатиб янги ясалган монополист LPG-Trade пропанни аҳолига ўз вақтида етказмаса, ҳеч қандай жазо йўқ. Лекин аҳоли пропан “заправка”га ўзи бориб, баллонини тўлдириб сотиб олмоқчи бўлса, “заправка”га отнинг калласидек жарима бор», — дейди Бакиров.

Отабек Бакировнинг фикрича, янги жарима газ қуйиш шохобчаларини маиший баллонларни тўлдиришдан бутунлай воз кечишга ундайди. Чунки тадбиркорлар нисбатан кичик даромад эвазига катта жарима хавфини бўйнига олишни истамайди.

«Хавфсизликни таъминлашнинг бошқа йўли ҳам бор»

Янги тартибнинг асосий сабабларидан бири сифатида ёнғин хавфсизлиги кўрсатилмоқда. Бироқ Бакиров бу муаммони тақиқ ва жарима билан эмас, аҳолига газ баллонларини хавфсиз тўлдириш имконини яратиш орқали ҳал қилиш кераклигини таъкидлайди.

Иқтисодчи «Лолазор» подкастида ҳам бу масалага тўхталиб, газ таъминоти бўлмаган ҳудудларда яшовчилар пропан баллонларини «заправка»ларда тўлдиришга мажбур бўлаётганини айтди. Унинг фикрича, муаммони тақиқлаш билан эмас, хавфсизлик талабларига жавоб берадиган алоҳида хизмат ва тартиб жорий этиш орқали ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун «заправка»ларда аҳоли баллонларини тўлдиришга мўлжалланган алоҳида колонка ташкил этиш, тегишли стандартларни ишлаб чиқиш ва зарур бўлса, лицензиялаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

«Бу миллионлаб одамнинг ҳаёт-мамот масаласи»

Жамоатчилик фаоли, «Davletovuz» канали асосчиси Қобил Хидиров ҳам «Лолазор» подкастида пропан масаласи миллионлаб одамларнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқлигини таъкидлади. 

«iPhone’ни Ўзбекистонда бир йилда 440–450 мингта олибди. iPhone’ни ишлатмасанг ҳам бўлади. Лекин газ — миллионлаб одамнинг масаласи, ҳаёт-мамоти, кичкина бола-чақасининг иссиғи-совуғи», — дейди Хидиров.

У янги тартибнинг яна бир салбий оқибати сифатида коррупция хавфини кўрсатади. Унинг фикрича, катта миқдордаги жарима газ қуйиш шохобчалари ва назорат қилувчи органлар ўртасида ноқонуний келишувларга сабаб бўлиши мумкин.

«Лекин бизда ҳозир энди жарима. Энг ёмони, бу нима яратади? Кейин коррупция яратади. “Энергоназорат” учун газ “заправка”ни бўғиш шароити пайдо бўлади. Келишишга мажбур бўлади», — дея хавотир билдирди Қобил Хидиров.


Ўтган қишдаги тажриба ҳам ёдга олинмоқда

Бакиров газ таъминотида узилишлар бўлганида пропан «заправка»лардан фойдаланиш аввал ҳам кенгайганини эслатади. Хусусан, ўтган йили кўмир ва ўтин ёқишга чеклов қўйилган даврда умумий овқатланиш корхоналари пропан баллонларига ўтишга мажбур бўлган.

«Ўтган йили кўмир ёқиш, ўтин ёқиш тақиқланган пайтда умумий овқатланишда хизмат кўрсатувчилар нима қилишди? Бориб пропан олиб келиб ишлатишди. Қиммат бўлса ҳам. Пропанни қаердан олишди? «Заправка»лардан олишди», — дейди иқтисодчи.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам ўтган қишдаги газ таъминоти муаммолари овқатланиш шохобчаларига таъсир қилганини эслайди. Айрим корхоналар газ узилиб қолгани сабабли буюртмаларни одатдагидек тайёрлай олмаган ва пропан баллонларидан фойдаланишга ўтган.

«Ўтган йили совуқ ва қор бошланган пайтда бир овқатланиш жойига кирсак, “буюртмаларни вақтида тайёрлаб бера олмаймиз”, дейишди. Нима учун десак, “газ йўқ, ўчиб қолган”, дейишди. “Қандай ишлаяпсизлар?” десак, “Баллон олиб келяпмиз, баллонда пиширяпмиз”, дейишди. Газ ўчиб қолган, лекин улар барибир йўлини топган», — дея ўша суҳбатни эслади Муҳрим Аъзамхўжаев.

Жамоатчилик вакиллари янги тартиб газ таъминотидаги муаммоларни ҳал қилиш ўрнига аҳоли ва тадбиркорларнинг муқобил имкониятларини чеклаши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу хавотирлар, айниқса, табиий газ узилишлари сабаб пропандан фойдаланишга мажбур бўлаётган кичик бизнес учун долзарб.

«Газ бўлмаса, чойхона ҳам ишламайди. Биз учун минус» — навоийлик тадбиркор

Табиий газ таъминотидаги узилишлар умумий овқатланиш корхоналари учун шунчаки ноқулайлик эмас, балки ишни тўхтатиб қўйиши мумкин бўлган муаммо. Vaqt.uz мухбири Навоий вилоятидаги чойхона эгаси билан суҳбатлашди.

Унинг айтишича, газ босими пасайган ёки таъминот узилган пайтларда пропан чойхонанинг ишлашини давом эттиришга ёрдам берадиган муқобил манба бўлиб келган. У учун пропан асосий газнинг ўрнини босувчи эмас, газ бўлмаган куни ишни тўхтатмаслик имконияти эди.

«Пропан газни биз ишлатардик. Масалан, газ ўчиб қолган пайти, газ тармоғида газ йўқ. Лекин чойхона ишлаши, ишчиларга ойлик бериш, солиқ тўлаш керак. Шу сабабли пропан ишлатардик. Энди чиқарилган қонунга асосан ўйлаб кўрсак, газ ўчиб қолса, ўша куни чойхона ишламаслиги керак. Чунки пропан ишлатиб бўлмайди. Бу биз учун минус», — дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, айниқса қиш ойларида табиий газ босимининг пасайиши овқат тайёрлашга таъсир қилади. Бундай пайтларда пропан ёрдамида таом тайёрлашни давом эттириш мумкин бўлган.

«Қишда, мавсумда, аҳоли газ ёққан вақтда газ пасайиб қолади. Ўша вақтда паст оловда овқат пишмайди, шунинг учун пропанни баланд қилиб ёқиб, овқатни пишириб олардик. Бу ўзимизнинг мисолимиз», — дейди у.

Тадбиркор пропан баллонларини оддий газ қуйиш шохобчаларида тўлдириб келган. Янги тартиб кучга кириши билан эса бу имкониятдан фойдалана олмайди. Унинг фикрича, газ узилган пайтда чойхонани ишлатишнинг бошқа йўли қолмайди.

«Шу оддий “заправка”дан тўлдириб келардик. Энди йўқ, минус, тамом. Тўлдирилмайди энди», — дейди у.

Тадбиркор муқобил йўл сифатида электр ускуналарга ўтиш мумкинлигини айтади. Бироқ бу газ таъминотидаги муаммонинг ечими эмас, балки янги шароитга мажбурий мослашиш бўлади.

«Ечим йўқ, тамом. Ҳамма электр ускунага ўтади», — дея хулоса қилади тадбиркор.


Пропан фақат маиший эҳтиёж учун эмас

Суюлтирилган газ баллонидан уйида овқат пиширадиган аҳоли ва умумий овқатланиш корхоналаригина фойдаланмайди. Қурилишда том ёпиш, гидроизоляция, «натяжной потолок» ўрнатиш, пайвандлаш ва бошқа ишлар ҳам газ баллонларига боғлиқ. Бу соҳада ишловчилар учун пропан кундалик ишнинг зарур воситаларидан бири.

Ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган усталардан бири пропан қурилиш ва таъмирлашнинг турли босқичларида ишлатилишини таъкидлайди. Унинг айтишича, томларни ёпиш, айрим қурилиш материалларига қиздириб ишлов бериш, «натяжной потолок» ўрнатишда ҳам газдан фойдаланилади. Қишлоқларда эса пропан кўпчилик учун кундалик эҳтиёж.

«Мана, новостройкалар қурилаётганда ҳам томлари, тўллари шу пропан баллон билан, олов билан қиздириб ёпилади. Натяжной потолокларда ҳам шундан фойдаланилади. Қишлоқда ҳам аҳоли шундан фойдаланади. Агар сизлар буни чеклаб қўйсангиз, биз нима қиламиз? Эртадан бошлаб уйда ўтиришим керакми?» — дейди фуқаро мурожаатида.

Бу каби ҳали яна юзлаб мисолларни келтиришимиз мумкин, аммо айримларинигина ёздик. Бу чеклов фақат аҳолини эмас, айрим касб эгаларини ишлаш ва даромад топиш имконидан маҳрум қилиши мумкин.

Газ таъминотидаги узилишлар ва баллон етказиб беришдаги узоқ кечикишлар шароитида пропан улар учун шунчаки муқобил ёқилғи эмас, ишни давом эттиришнинг асосий воситаси бўлиб келган. Баллон етказиб беришдаги муаммолар ҳал қилинмай туриб, яна бир тадбиркорга — «заправка»га жарима белгиланиши эса эътирозларни табиий равишда кучайтирди.

«Республикада 300 дан ортиқ лицензияли шохобча бор»

Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашга масъул «LPG-Trade» МЧЖ директори Акмал Жўраев ЎзА’га берган интервюсида бу масалага
тўхталди. Журналист энди аҳоли баллонини «заправка»да тўлдира олмаслиги ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритишни сўраганида, у маиший баллонларни тўлдириш учун махсус лицензияга эга шохобчалар борлигини айтди.

«Республикамиз ҳудудида маиший газ баллонларига газ тўлдириш шохобчалари жуда кўп. У ерларда бу фаолиятни бемалол амалга оширса бўлади. Яъни у ерларда маиший газ баллонларини тўлдириш бўйича барча талаблар бажарилган, тегишли лицензия олинган, қонуний томондан барча чоралар кўрилган. Бундай газ “заправка”ларимиз чекка ҳудудларда ҳам, бошқа ҳудудларда ҳам бор. Республикамиз бўйича уларнинг сони 300 дан ортиқ», — деди Акмал Жўраев.

Vaqt.uz «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати билан боғланиб, ушбу 300 дан ортиқ шохобчанинг ҳудудлар бўйича жойлашуви ҳақида маълумот олди.

Vaqt.uz мухбирига тақдим қилинган рўйхатга кўра, республикада маиший газ баллонларини тўлдирадиган 325 та шохобча бор. Бироқ улар ҳудудлар бўйича жуда нотекис жойлашган: шохобчаларнинг учдан бири — 107 таси биргина Самарқанд вилоятига тўғри келади. Фақат Ургут туманининг ўзида 16 та шохобча бор. Бу Бухоро (7 та) ва Сурхондарё (6 та) вилоятларидаги шохобчаларнинг жамидан ҳам кўп.

Навоий, Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида эса рўйхатга кўра бундай шохобча умуман йўқ. Яъни бу ҳудудларда яшовчилар учун «LPG-Trade» раҳбари айтган муқобил йўл амалда мавжуд эмас.

Аҳоли нима дейди?

Vaqt.uz ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳларнинг айримларини жамлади. Улар янги тартиб атрофидаги баҳсга яна бир неча муҳим жиҳатни қўшади.

Тақиқ хавфни камайтириш ўрнига ошириши мумкин. Қонун ёнғин хавфсизлиги мақсадида қабул қилинган бўлса-да, изоҳловчиларнинг бир нечтаси айнан тескари оқибатдан огоҳлантирмоқда. Одамлар газни машинага қуйиб, уйда қўлбола усулда баллонга ўтказа бошлайди.

«Энди одамлар машинасига пропан қуйиб, иложсизликдан уйига бориб, “шланг” билан газ баллонга пропан ўтказишни бошлашади. Мана, ёнғинга қарши курашишнинг янгича усули», — деб ёзади тармоқ фойдаланувчиси.

«Энг ёмони, машинага пропан қуйиб, уйда қўлбола усулда газ баллонига ўтказилади. Яшаш учун кураш!» — деб ёзган бошқа бири киши изоҳларда.


Давлат берган газ қишга етмайди. Шунингдек, фуқаролар аксарияти баллонлар ойлаб кечикиб келишини айтган бўлса, бошқа бир киши изоҳларда етказилган газ ҳам узоққа етмаслиги таъкидланмоқда.

«Айниқса, ҳозир долзарб бўлган пропан масаласи. Қиш келмоқда. Давлат берган пропан 10–15 кунга етади. Қолган вақт халқ мажбур “заправка”дан олади. Энди “заправка”га борса, қуйиб бермаса, халқ нима қилиши керак?!» — деб ёзган Дилшодбек Бурхонов.


Баллон етказиб бериш амалда қандай кечмоқда?

Изоҳловчилардан бири навбатдаги баллонни қандай олганини батафсил ёзган.

«17 кун “кўчага газ баллон келди, навбатингиз келди” деган хабарларга ишониб кутдим. Онамникига борсам ҳам келиб қолмасин деб узоқ ўтиролмай, шошиб қайтардим. 3–4 ойда аранг келадиган газдан фақат биттасини алмаштириб беришди. Ёзнинг ўртасида келганди, мана кузнинг охирги ойида келди, десам, “газ баллонингизни алмаштириб бермайман, қаерга шикоят қилсангиз қилаверинг”, дейишди. Учта кўчада 15 тадан оила бор, машинангизга 150 та баллон сиғади, 45 та хонадондан биттадан олган бўлсангиз, қолгани қаерга кетди, десам, миллий гвардия ходими “бу аёлнинг баллонини алмаштирманглар” деб тўнғиллади. Бизда ҳақингни суриштирсанг, акси бўлади», — деб ёзган Дилдора Ҳасан.


Бошқа давлатларда бу масала қандай ҳал қилинган? 

Кўрсатувда таклиф қилган хавфсиз тўлдириш тизимининг амалдаги намунасини изоҳловчилардан бири хориждаги тажрибасидан келтиради.

«Кўп йилдан бери Россияда ишлаб яшаймиз. Исталган газ “заправка”сида пропан баллонни тўлдириш мумкин: тарози қўйилган, баллонни тарозига қўйиб, тўлдириб кетасиз. Наҳотки бизда халқни шунчалик ўйлашмаса?» — деб ёзган мигрант фуқаро.


Баллон алмаштиришдаги Face ID талаби. Айрим изоҳловчилар баллонни фақат эгасининг ўзи алмаштира олиши ҳам муаммо эканини айтмоқда. Шунингдек, тартиб февралдан кучга киришига қарамай, айрим «заправка»лар баллон тўлдиришдан ҳозирданоқ бош тортаётгани ёзилмоқда.

«Газдаги Face ID’ни олиб ташлаш керак. Мактабда, ишда бўлганимда уйдагилар газ баллонни алмаштира олмади. Мен норозиман. Энди газ “заправка” ҳам тўлдириб бермаяпти», — деб ёзган Хусанов.

«Ўзим тиббиёт институтини битирган ёшгина врачман. Соҳамни ҳам, давлатимни ҳам яхши кўраман. Лекин мен ҳам оддий одамман, оилам ва ёш болам бор. Қишлоқда яшаймиз, пропан ишлатамиз. Ўзбекистонда бирдан қарор чиқади-ю, одамни энг минимал эҳтиёжларидан ҳам маҳрум қилади. Қаерга боришни, кимга дардингни айтишни билмайсан... Биз — халқ нима қилайлик?» — дея ёзган тармоқ фойдаланувчиси.


Жарима соладиганларнинг ўзи ҳам баллон тўлдиради. Пропан сотувчи тадбиркорнинг айтишича, бу эҳтиёж назорат қилувчиларга ҳам бегона эмас.

«Мен пропан сотадиган тадбиркорман. Бизни жаримага тортиши керак бўлган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг ўзлари келиб, газ баллонга газ тўлдириб кетяпти. Улар ҳам инсон, уларга ҳам газ керак. Бу қонунни ким қабул қилган, билмадим-у, лекин уни бекор қилиш шарт!» — дея ёзмоқда изоҳларда фуқаро.


«Заправка»ларда махсус постлар очилиши мумкин

Аҳоли, тадбиркорлар ва жамоатчилик фаолларидаги эътирозлар фонида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 24-ноябр куни автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший газ баллонларини тўлдириш учун махсус постлар ташкил этилиши мумкинлигини маълум қилди. Компания аҳолининг баллон тўлдириш имкониятларини кенгайтириш юзасидан тегишли ташкилотларга таклифлар киритганини айтди.

Компаниянинг таъкидлашича, маиший газ баллонларини тўлдириш хизмати аҳоли учун чекланмаган. Бу хизмат талабларга жавоб берадиган, лицензияга эга газ тўлдириш станциялари ва шохобчаларида кўрсатилади. «LPG-Trade» тармоғидан ташқари, мустақил юридик шахс сифатида фаолият юритаётган бундай шохобча ва станциялар сони 360 дан ортиқ.

«Ҳудудгазтаъминот» автомобил «заправка»ларида маиший баллонларни тўлдириш хавфсизлик талабларини бузишини ҳам эслатди.

Бироқ махсус постлар қачон, қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида ташкил этилиши ҳозирча номаълум. Таклиф қабул қилинадими ёки йўқми, бу ҳам аниқ эмас. Жарима эса 2027-йил 5-февралдан, яъни қишнинг энг қаҳратон пайтида кучга киради.

Шохобчалар сони бўйича рақамлар ҳам бир-бирига мос келмаяпти: «LPG-Trade» раҳбари «300 дан ортиқ» деса, «Ҳудудгазтаъминот» «360 дан ортиқ» дейди. Vaqt.uz’га тақдим этилган рўйхатда эса 325 та шохобча қайд этилган ва уларнинг бирортаси ҳам Навоий, Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида жойлашмаган.

Экспертлар ва аҳоли вакиллари огоҳлантирганидек, баллонни қонуний ва хавфсиз тўлдириш имкони ҳар бир ҳудудда яратилмас экан, янги жарима муаммони ҳал қилмайди. У фақат эҳтиёжни  «заправка»дан уйдаги қўлбола усулларга кўчириши мумкин.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 241

Барчаси

Мавзуга оид

«Ёзнинг ўртасида келганди, мана кузнинг охирги ойида келди» — ойлаб келмайдиган пропанни «заправка»дан олиш ҳам тақиқланмоқда | Vaqt.uz