Зилзила вақтида ташқарига қочманг: Ер силкинаётганда қандай қилиб хавфсиз қолиш мумкин?
Зилзила юз бераётган вақтда ва ундан кейин тўғри ҳаракатланиш жароҳатланиш хавфини сезиларли даражада камайтиради.

Ер қимирлаши бошланган илк сонияларда кўриладиган чоралар хавфсизликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мазкур қўлланмада уйни зилзилага бардошли қилиш ва фавқулодда ҳолатлар учун қутқарув сумкасини ҳозирлашдан тортиб, силкиниш вақтида ва ундан сўнг ҳимояланишгача бўлган бешта амалий қадам келтирилган.
Уйингиз зилзилага тайёрми?
Хавфсизлик чораларини ер қимирлашидан аввалроқ кўриш лозим. Уй, ишхона ёки ўқув муассасасини кўздан кечириб, кучли силкиниш вақтида қулаб тушиши, синиши ёки хавф туғдириши мумкин бўлган буюмларни аниқлаб олинг.
· Китоб жавони ва шкаф каби баланд мебелларни деворга маҳкамланг, оғир ёки синиши мумкин буюмларни эса пастки токчаларга жойлаштиринг.
· Телевизор ва қулаб тушиш хавфи бўлган бошқа жиҳозларни ҳам мустаҳкам қотириш зарур.
· Газ, электр энергияси ва сув тармоғини хавфсиз узиб қўйишни ўрганинг, асосий жўмрак ва калитлар қаерда жойлашганини олдиндан билиб олинг.
· Зилзила вақтида дераза, ойна ва қулаб тушиши мумкин бўлган бошқа буюмлардан узоқроқ туриш лозим.
Фавқулодда қутқарув сумкасини шай ҳолатга келтиринг
Қутқарув сумкасини қўл етадиган жойда сақлаган маъқул. Зилзиладан сўнг электр токи, сув ва алоқа тармоқларида узилишлар кузатилиши мумкин. Зарур воситаларнинг шай туриши фавқулодда ҳолатда уларни қидириб вақт йўқотмасликни таъминлайди.
Жамланма ичида қуйидаги воситалар бўлиши лозим:
· Ичимлик суви ва тез бузилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари;
· Биринчи тиббий ёрдам қутичаси ва энг зарур дори-дармонлар;
· Чироқ ва қўшимча батареялар, радиоприёмник ҳамда ҳуштак;
· Қувватлагич (пауэрбанк) ва маълум миқдорда нақд пул;
· Муҳим ҳужжатларнинг нусхалари;
· Оёқни синиқ ойна ҳамда вайроналардан ҳимоя қилувчи пишиқ пойабзал.

Ер силкиниши бошланганда нима қилиш керак?
Агар зилзила вақтида бино ичида бўлсангиз, ташқарига югурманг ва силкиниш тўлиқ тўхтагунига қадар хавфсиз жойда қолинг.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) бино силкинаётган пайтда ташқарига чиқмасликни тавсия қилади. Қулаётган дераза ойналари, бино қопламалари ва бошқа жисмлар кўчани ўта хавфли ҳудудга айлантиради. Шу боис, турган жойингизда қолсангиз, жароҳат олиш хавфи сезиларли даражада камаяди.
Хавфсиз ҳаракатлар атроф-муҳитга қараб ўзгаради
Барча вазиятлар учун бирдек мос келадиган ягона қоида йўқ. Қандай хавфдан ҳимояланиш кераклигини айнан сиз турган жой ва атроф-муҳит белгилаб беради.
· Бино ичида: Ташқарига чиқманг ҳамда «Чўккаланг, ҳимояланинг ва маҳкам ушланг» қоидасига амал қилинг.
· Дўкон ёки офисда: Ичкарида қолинг, пештахта ва ойналардан узоқроқ туриб, бошингизни ҳимоя қилинг.
· Мактабда: Ўқитувчи ва ходимларнинг кўрсатмаларига қатъий риоя қилинг, бақувват парта ёки стол остига кириб, бошингизни асранг.
· Автомобилда: Кўприклар, электр узатиш тармоқлари, дарахтлар ва қулаб тушиши мумкин бўлган бошқа жисмлардан узоқроқ бўлган хавфсиз жойда тўхтанг. Силкиниш тингунига қадар машина ичидан чиқманг.
· Ташқарида: Бинолар, электр симлари, дарахтлар ва хавф солувчи ҳар қандай жисмлардан узоқроқ бўлган очиқ майдонга ўтинг.
· Лифтда: Лифт тўхтагунига қадар ичкарида қолинг. Тўхтагач, агар вазият хавфсиз бўлса, дарҳол ташқарига чиқинг.

Ер силкиниши тўхтаганидан сўнг қандай йўл тутиш керак?
Даставвал, ўзингиз ва атрофдагиларда жароҳатлар бор-йўқлигини текширинг. Сўнг теварак-атрофдаги эҳтимолий хавфларни кўздан кечиринг.
Ер қимирлашининг тиниши хавф тўлиқ ортда қолганини англатмайди. Зилзиладан кейин ҳам такрорий силкинишлар (афтершоклар) содир бўлиши, шунингдек, ёнғин келиб чиқиши, газ сизиб чиқиши, биноларнинг шикастланиши, ойналар синиши ва электр тармоқларининг узилиши каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.
Агар шикастланган қувур ёки кучли ҳид туфайли газ сизиб чиқаётганидан гумон қилсангиз, зудлик билан бинони тарк этинг. Газ тармоғини мустақил равишда қайта улашга уринманг. Агар электр симларига шикаст етган бўлса, уларга қўл теггизманг ва токни узиш бўйича маҳаллий кўрсатмаларга амал қилинг.
Такрорий силкинишларга доим шай туринг. Агар ер яна қимирлашни бошласа, юқорида таъкидланганидек, «Чўккаланг, ҳимояланинг ва маҳкам ушланг» қоидасига амал қилинг.
Зилзиладан сўнг мобил алоқадан оқилона фойдаланинг. Тармоқларни зўриқтирмаслик учун заруратсиз қўнғироқларни амалга оширманг. Иложи борича СМС-хабарлар ёки интернетдан фойдаланинг. Телефонни фавқулодда хизматлар ва расмий хабарлар учун очиқ сақланг. Экран ёруғлигини пасайтириш ва ортиқча иловаларни ёпиш орқали батарея қувватини тежашга ҳаракат қилинг.
Зилзиладан кейин ҳушёрликни йўқотманг, расмий маълумотларни кузатиб боринг ва бошқаларга ёрдам беринг. Тўғри тайёргарлик ва хотиржам ҳаракат қилиш вазиятни ижобий томонга ўзгартиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.





