Logo

1 миллиард баррелдан ортиқ нефт ғойиб бўлди — дунё янги инқироз ёқасида

Kecha 21:204 daqiqa

Ҳўрмуз бўғозининг очилиши ва АҚШ-Эрон ўртасидаги келишув нефт бозоридаги ваҳимани бир зумга юмшатган бўлса-да, таҳлилчилар вазият ҳали ҳам жиддий эканидан огоҳлантирмоқда.

1 миллиард баррелдан ортиқ нефт ғойиб бўлди — дунё янги инқироз ёқасида © Shutterstock

Шу ҳафта Эрон ва Қўшма Штатлар ўзаро англашув меморандумини имзолаганидан сўнг, Ҳўрмуз бўғози яна очилди. Ёмон хабар шуки, энди жуда кеч бўлган бўлиши мумкин.

Яқин Шарқдан қарийб тўрт ойдан бери нефт экспорт қилинмаяпти. «Kpler» таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, уруш давомида дунё жами 1,15 миллиард баррел нефт таъминотидан маҳрум бўлган.

Бу ҳолат нефт бозорини қалтис аҳволга солиб қўйди ва соҳа тез суръатларда инқироз ёқасига яқинлашмоқда. Халқаро энергетика агентлигининг стратегик нефт захиралари 1990 йилдан бери энг қуйи даражага тушиб кетди. Американинг фавқулодда захиралари эса сўнгги 43 йил ичидаги энг паст кўрсаткични қайд этмоқда. Тижорий захиралар ҳам ўта хавфли чегарага етиб келган.

 «Ҳақиқий тартибсизни кўришни истайсизми? Тахминан тўрт ҳафта ичида захираларимиз тугайди» — деди президент Доналд Трамп 17 июн куни Версалда бўлиб ўтган «Катта еттилик» саммитида.

Трамп ҳақ. Бироқ бу ҳафта бўғознинг қайта очилиши хом нефт захиралари бутунлай тугаб қолишининг олдини олишга улгурмаслиги мумкин. Форс кўрфазидан нефт етарли даражада тез чиқиб кетиши даргумон.

Оқибатда нефт нархларининг яна кўтарилиши эҳтимоли бор.

Ҳал қилувчи палла

Нефт бозори Трамп вақтни тўғри чамалаганига тўлиқ ишонч билдирмоқда. У башорат қилганидек, Эрон билан ўзаро англашув меморандуми тузилиб, кучга кириши билан сўнгги кунларда нархлар кескин тушиб кетди.

1

Апрел ойи ўрталарида оташкесим эълон қилингач, «Brent» маркали нефт нархи пасайишни бошлаганди. Уруш даврида бир баррел учун 126,41 долларгача чиққан энг юқори кўрсаткич бугунги кунга келиб 80 доллардан ҳам пастга тушиб кетди.

Нефт нархининг пасайишига уруш арафасида хомашё таклифининг тарихий даражада ортиб кетгани сабаб бўлди. Бу ҳолат дунёни тарихдаги энг йирик таъминот инқирозидан муваффақиятли ҳимоя қилди. Бироқ бозордаги бу ортиқча таклиф тезда йўқолиб, хавотирли тақчилликка айланди.

Сўнгги бир неча ой ичида дунёдаги нефт захиралари кескин равишда — 190 миллион баррелга камайди. АҚШ бўйлаб ёқилғини қувурлар орқали тарқатадиган Оклахома штатининг Кушинг шаҳридаги асосий нефт хаби ўзининг ўта хавфли чегарасига етиб келди.

Бу ҳолат фақатгина Кушингда кузатилаётгани йўқ — бутун дунё бўйлаб нефт сақлаш иншоотлари ҳал қилувчи паллага яқинлашмоқда.

17 июн куни Трамп, агар бўғоз қайта очилмаганида юз бериши мумкин бўлган «иқтисодий фалокат»дан огоҳлантирар экан, шундай деди: «Нефтни умуман топиб бўлмайдиган вақтлар ҳам келиши мумкин эди». Унинг сўзларига кўра, борди-ю шундай вазият юзага келганида, уни Буюк депрессия бошланишига гувоҳ бўлган собиқ президент Герберт Гуверга қиёслаган бўлардилар.

Юқори нарх

Бўғознинг қайта очилиши дунёдаги захиралар билан боғлиқ муаммони дарҳол ҳал қилмайди. Бу фақат нефт оқимининг яна меъёрига тушишини таъминлайдиган жараённи бошлаб беради, холос.

Бўғозни миналардан тозалаш, бўш танкерларни ҳудудга қайтариш, ишлаб чиқаришни тиклаш ва нефтни ўз манзили сари йўналтириш керак. Буларнинг ҳеч бири тезда амалга ошмайди. Нефт саноати вакилларининг фикрича, нефт оқимининг одатий ҳолатга қайтиши учун бир неча ой талаб этилиши мумкин. Нефт бозори чинакамига асл ҳолига қайтмагунча, тизим мавжуд захираларга таянишда давом этади.

Шу сабабли ҳам бир қатор соҳа таҳлилчилари нефт нархлари жуда пастлаб кетди, бозор эса резервуарлар қайта тўлгунига қадар нефтнинг батамом тугаб қолиш хавфини етарлича баҳоламаяпти, деб ҳисобламоқда.

«Бозор ҳозирги жойлашувимиздан етти қадам олдинга сакраб ўтди. Ҳамма гўёки: Хайрият, бу тугади!,  деяпти. Аммо аввалги ҳолатга қайтиш йўлида жиддий логистик муаммолар мавжуд», — дейди «RBC Capital Markets» компаниясининг глобал хомашё стратегияси бўлими раҳбари Ҳелима Крофт.

Унинг айтишича, бўғознинг қайта очилиши билан боғлиқ эйфория тарқагач, пировардида бозорнинг асосий қонуниятлари ўз сўзини айтади ва нефт нархини янада юқорига кўтаради.

2

«Келаси ҳафталарда Ҳўрмуз бўғозида нима бўлишидан қатъи назар, ёз ойларида АҚШ истеъмолчиларини юқори нархлар кутмоқда. Келишувга нисбатан оптимизм сабабли ҳозирча бундай бўлмаяпти. Бироқ бу ерда бозор кучлари ўз ҳукмини ўтказиши керак», — деди «Kpler» компанияси вакили Мэтт Смит.

Ҳисоб-китоблар ҳам буни тасдиқламоқда: Халқаро энергетика агентлиги башоратига кўра, глобал нефт бозори харидорлар талабидан қарийб 5 миллион баррелга кўпроқ хомашё ишлаб чиқаришни бошлаган тақдирда ҳам, йўқотилган 1,15 миллиард барреллик таъминотни қайта тиклаш учун тахминан бир йил керак бўлади.

Паст нарх

Бироқ бозор ҳар доим ҳам мантиққа бўйсунавермайди.

Трейдерлар нефтнинг улкан оқими яна бозорга қайтиш арафасида турганини кўрмоқда. Бу, хусусан, маблағга муҳтож бўлган ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришга интилаётган ОПЕК аъзолари томонидан амалга оширилиши кутилмоқда. «Infrastructure Capital Advisors» активларни бошқариш компанияси бош директори Жей Хэтфилднинг таъкидлашича, бу янги воқелик нефт бозорининг ҳозирги суръатини ўзгартиришни жуда қийинлаштиради.

Вазиятга қиёсий ёндашув ҳам муҳим аҳамиятга эга: уруш арафасида дунё нефтга шунчалик тўйинган эдики, биз ҳали ҳам захираларнинг мисли кўрилмаган даражада тугаб қолиш хавфидан маълум маънода ҳимояланганмиз.

«Бизда жуда катта хавфсизлик ёстиқчаси бор эди ва уни сарфлаб тугатдик. Биз ўтган йилгидан пастроқ даражадамиз, лекин унчалик ҳам эмас», — дейди «Macquarie Group»нинг глобал нефт ва газ стратегияси бўйича мутахассиси Викас Двиведи.

Масалан, АҚШда дизел захиралари 2003 йилдан бери энг қуйи нуқтага тушган бўлса-да, 5 йиллик ўртача кўрсаткичдан бор-йўғи 12,4 фоизга кам. АҚШнинг бензин захиралари эса бир йил олдинги ҳолатга нисбатан атиги 5 фоизга қисқарган. 

Teglar

Mavzuga oid