Logo

1-сентябргача кўчириладиган «заправкалар» рўйхати тузилади

Bugun 12:252 daqiqa

Ўзбекистонда хавфсизлик талабларини бузган ёқилғи қуйиш шохобчалари рўйхати 1-сентябргача шакллантирилади. Улар босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчирилиши режалаштирилган.

1-сентябргача кўчириладиган «заправкалар» рўйхати тузилади

18-июн куни Вазирлар Маҳкамасининг ёқилғи қуйиш шохобчаларида аварияларнинг олдини олиш ҳамда одамлар ҳаётига хавф туғдирувчи омилларни бартараф этишга қаратилган қарори қабул қилди. Қарор 22-июндан кучга кирди.

Ҳужжатга кўра, 2025 йилда идоралараро ишчи гуруҳлар мамлакат бўйлаб нефть маҳсулотлари, суюлтирилган ва сиқилган газ сотувчи 6196 та объектни хатловдан ўтказган. Текширувлар давомида жами 46 737 та қоидабузарлик аниқланган. Уларнинг 25,3 мингдан ортиғи саноат ва техник хавфсизлик талабларига, 7949 таси ёнғин хавфсизлигига, 7875 таси технологик жараёнларга, қолганлари эса экологик ва қурилиш меъёрларига тааллуқли бўлган.

Текширувлар якунида 7166 та камчилик бартараф этилган, қўпол қоидабузарликлар сабабли эса 464 та ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Янги талаблар

Қарор билан ёқилғи қуйиш шохобчалари учун ёнғин, саноат, экологик ва технологик хавфсизлик бўйича минимал талаблар белгиланди. Уларнинг бажарилиши ФВВ, «Ўзенергоинспексия», Саноат хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Экология қўмитаси томонидан назорат қилинади.

1-сентябрдан бошлаб хизмат муддати тугаган, ишлаб чиқарилган санаси номаълум ёки ортиқча босим остида хавфли ҳолатда ишлайдиган ускуналардан фойдаланиш тақиқланади. Бу чеклов 2030-йил 1-январигача амал қилади.

Шунингдек, Eco-Himoya платформаси U-Gas тизими билан интеграция қилинади. Бу орқали газ қуйиш шохобчалари автомобиллардаги газ баллон ускуналарининг техник кўрикдан ўтганини онлайн текшириши мумкин бўлади.

Кўчириш бошланади

Қарорга мувофиқ, 1-сентябрга қадар хавфсизлик, шаҳарсозлик ва экологик талабларни бузган ҳамда аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдираётган ёқилғи қуйиш шохобчаларининг ягона реестри шакллантирилади.

Шундан сўнг мазкур объектларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш чоралари амалга оширилади.

Кўчириш жараёнида тадбиркорларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари сақлаб қолиниши белгиланган. Шу билан бирга, ҳокимликларга муҳофаза зоналарида ёқилғи қуйиш фаолиятига алоқаси бўлмаган объектлар қурилиши учун ер ажратмаслик вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, 8-июн куни соат 13:50 да Қашқадарё вилояти, Қарши тумани, «Чаман» МФЙ ҳудудида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.

Teglar

Mavzuga oid