2025-йил охиридан бери Қирғизистоннинг олтин-валюта захиралари 1 млрд долларга камайди

Bugun 16:352 daqiqa

Қирғизистон захиралари январда рекорд даражага чиққан бўлса-да, кейинги ойларда валюта интервенциялари ва олтин нархи таъсирида қисқарган.

2025-йил охиридан бери Қирғизистоннинг олтин-валюта захиралари 1 млрд долларга камайди © Bloomberg

Қирғизистоннинг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2026-йил 15-май ҳолатига кўра, 9 миллиард 82 миллион долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Миллий банки матбуот хизмати хабар берди

Унинг маълум қилишича, 2026-йил бошидан буён захиралар 478,9 миллион долларга ёки 5,6 фоизга ошган.
Қизиғи шундаки, Миллий банк 2026-йил январ ойи бошида олтин-валюта захиралари рекорд даража – 10 миллиард 177,18 миллион долларга етганини маълум қилган эди. 2026-йил 29 январ ҳолатига кўра эса улар 10 миллиард 39,5 миллион долларни ташкил этган. 2025-йил январ ойидаги 5 миллиард 190,86 миллион долларлик кўрсаткич билан таққослаганда, захиралар деярли икки баробарга ошган. Бироқ тақдим этилган инфографикада бу рекорд қандайдир сабабга кўра акс эттирилмаган.

Gemini_Generated_Image_o3hn8ro3hn8ro3hn

Апрел ойи охиридаги маълумотларга кўра, мамлакатнинг ялпи халқаро захиралари атиги 8 миллиард 637,7 миллион долларни ташкил этган. Уч ой ичида улар 1,54 миллиард долларга қисқарган. Бу ички бозорда 893,45 миллион доллар ҳажмида валюта сотилгани ҳамда захиралар таркибига кирувчи олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи билан боғлиқ.

Таъкидлаш жоизки, 2025-йилда олтин нархи рекорд кўрсаткичларни янгилаб, йил охирига келиб бир унция учун 4 минг 530,6 долларга етган. Январ ойида эса унинг қиймати бир унция учун 5,3 минг долларгача кўтарилган. Шу билан бирга, сезиларли пасайишлар ҳам кузатилган. Ҳозирда олтин нархи бир унция учун 4 минг 680 доллардан 4 минг 705 долларгача бўлган оралиқда ўзгариб турибди.
 
Захираларнинг тузилиши ва вазифалари

Олтин-валюта захиралари икки асосий қисмдан иборат: қуйма шаклидаги олтин ва юқори ликвидли хорижий валюта (АҚШ доллари, евро). Уларнинг учта асосий вазифаси мавжуд.

Сом курсини барқарорлаштириш – Миллий банк валюта интервенцияларини амалга ошириб, курс кескин ўзгарганда захиралардан валюта сотади.

Ташқи мажбуриятларни тўлаш – захиралар хориждан муҳим товарларни (газ, бензин, дори-дармонлар) сотиб олиш ва ташқи қарзга хизмат кўрсатиш имконини беради.

Молиявий қалқон – жаҳон иқтисодий инқирозлари юз берган ҳолатларда, захиралар маълум муддат давомида иқтисодиётнинг барқарор ишлашини таъминлайди.
 
Ўзбекистон
 
2026-йилнинг 1-май ҳолатига кўра, Ўзбекистон Марказий банкининг олтин-валюта захиралари ҳажми бир ой ичида 69 млрд доллардан 70,9 млрд долларгача ошди. Захиралар таркибидаги олтин қиймати 743,6 млн долларга ошиб, умумий ҳисобда 61,6 млрд долларни ташкил қилди

Бироқ ушбу даврда олтиннинг жисмоний ҳажми қисқарган. Хусусан, март ойида 13,4 млн трой унцияни ташкил этган кўрсаткич апрель якунларига келиб 13,3 млн трой унциягача пасайган. Бу эса Марказий банк апрель ойида тахминан 3 тонна атрофида олтин сотган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Апрел ойида олтиннинг бир трой унцияси нархи 1,6 фоизга ошиб, $4 625,8 даражасига етган. Натижада ҳатто жисмоний ҳажм камайган шароитда ҳам олтин активларининг умумий қиймати юқори бўлиб қолган.

Teglar

Mavzuga oid