2025 йилда банкоматлар билан 290 минг муаммо кузатилди — Сенат
Жиноятчиликни жиловлашда муаммога дуч келаётган ички ишлар ходимлари банкоматда «тиқилиб» қолган карталарни чиқаришга жалб этилётгани Сенатда кескин танқид қилинди.
© kupibilet.ruСенат ялпи мажлисида маълум қилинишича, 2025 йилнинг ўзида аҳоли банкоматлар орқали нақд пул ечишда 290 минг марта муаммоли ҳолатга дуч келган. Кўплаб ҳолатларда мижоз ҳисобидан маблағ ечилган бўлса-да, банкомат нақд пулни бермаган ёки пластик карта қурилма ичида «тиқилиб қолган».
Сенаторлар муаммонинг энг оғир жиҳати сифатида сервис хизматларининг суст ишлаётганини қайд этди. Таъкидланишича, минглаб фуқаролар мурожаат қилганига қарамасдан, пулни тезкор қайтариш ёки картани бир неча дақиқа ичида банкоматдан чиқариб бериш тизими йўлга қўйилмаган.
Мурожаатни ҳал қилиш муддати
Банкларга юборилган 290 мингта мурожаатнинг 97 мингтаси 2–3 иш кунида кўриб чиқилган. Яна 22 мингта мурожаат 4–6 иш кунида ҳал этилган бўлса, 9,7 мингта ҳолатда фуқаролар 7–15 кун кутишга мажбур бўлган. Қарийб 10 мингта мурожаат эса 15 кундан ортиқ муддатда кўриб чиқилган.
Сенаторлар бу ҳолат аҳоли учун жиддий муаммо туғдираётганини таъкидлади. Хусусан, озиқ-овқат ёки дори-дармон учун нақд пулга муҳтож одамлар ўз маблағини кунлаб кутишга мажбур бўлгани танқид қилинди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг «102» тизимига банкоматлар билан боғлиқ 3122 та мурожаат келиб тушган.
«Яъни, ички ишлар бўлимлари, масалан, жиноятчиликни жиловлашда муаммоларга дуч келаётган бир пайтда, фуқаронинг банкоматда тиқилиб қолган картасини чиқариб олишга ҳам жалб қилинмоқда» —Сенатор
Муҳокамалар якунида Марказий банкдан банкоматлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, техник хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва фуқаролар мурожаатларини тезкор ҳал қилиш бўйича қатъий чоралар кўриш талаб қилинди.
Аввалроқ Марказий банк асоссиз комиссия ушланиши ёки банк картасидан пул ечилгани ҳолда нақд пул берилмаслик каби ҳолатлар юзасидан тижорат банклари ва тўлов хизматларини банкоматлар ишини тубдан яхшилашга чақирган эди.





