27 фоиз купон бор, лекин «жами облигациялар» рақами нега баҳсли?

25.01.2026 | 18:312 daqiqa

27 фоизлик купон инвесторларни жалб қиляпти, аммо эмитент облигацияларининг «жами ҳажми» атрофидаги ноаниқлик бозорда саволлар уйғотмоқда.

27 фоиз купон бор, лекин «жами облигациялар» рақами нега баҳсли?

2026 йил январида «Бизнес Финанс» микромолия ташкилоти» МЧЖнинг навбатдаги корпоратив облигациялари бўйича маълумотлар очиқ манбаларда эълон қилинди. Унда чиқарилиш давлат рўйхатидан ўтказилгани, ҳажми, номинал қиймати ва купон шартлари кўрсатилди.

Эълонда келтирилган шартларга кўра, 100 000 сўмлик номинал қийматда, йиллик 27 фоиз купон билан 10 млрд сўмлик облигация эмиссияси рўйхатдан ўтказилган. Купон тўловлари ҳар 30 кунда, облигация эса 720 кун давомида муомалада бўлиши белгиланган.

Бу облигация депозит эмас. Бироқ ойлик купон сабаб у депозитга ўхшаш пул оқимини эслатади. Шу билан бирга, бу инструментда чиқиш (сотиш) тезлиги ҳар доим ҳам депозитдагидек бўлмаслиги мумкин. Шу ўринда бозор муҳокамаларида яна бир тезис кўп тилга олинмоқда, ушбу чиқарилиш якунлангач эмитентнинг облигацияларининг жами қиймати 91,56 млрд сўмга етади.

«Жами» рақамидаги ноаниқлик

Муҳокама шундан келиб чиқяптики, «жами» деганда айнан нима назарда тутилаётгани очиқ айтилмаган, бу фаолият давомида чиқарилган облигациялар йиғиндисими ёки ҳозир муомалада қолган, қайтарилмаган облигацияларми?

27 фоиз купон ставкаси бозорда кўпинча «оддий» даражадан юқорироқ диапазонга киради. Бундай ҳолатда инвесторлар одатда эмитентнинг қарзини қайтариш имконияти (пул оқими, фаолият барқарорлиги) ва қоғозни кейинроқ сотиш қанчалик осон бўлишига кўпроқ эътибор беради.

Инвестор учун асосий мезон

Инвестор учун «27 фоиз»нинг ўзи эмас, купоннинг вақтида тўланиши ва зарурат бўлса облигацияни сотиб чиқиш имконияти муҳимроқ. 100 000 сўмлик номинал қиймат киришни осонлаштиради, кўпчилик битта дона облигация билан ҳам иштирок этиши мумкин. Ойлик купон эса инвесторларда «ойма-ой тушум» ҳиссини кучайтиради. Лекин амалда купонлар ўз вақтида тушадими ва иккиламчи бозорда реал савдо борми? Купон бўйича тахминий ҳисоб-китоб қилинса, 100 000 сўм номинал, 27 фоизлик йиллик ставка ва 30 кунлик даврда битта купон тўлови тахминан 2,2 минг сўм атрофида чиқади.

Агар «жами» ҳозир муомалада қолган, қайтарилмаган облигацияларни англатаётган бўлса, қайси эмиссиялар муомалада, қайсилари ёпилган ва қайси қисми реал жойлаштирилгани ҳам очиқ бўлиши керак. Чунки амалдаги мажбурият бўлса, бу рискни баҳолашда асосий кўрсаткич ҳисобланади. Тарихий йиғинди бўлса, кўпроқ динамика кўрсаткичига ўхшайди. Инвесторни ҳимоя қиладиган нарса интизом.

Шу сабабдан купонларнинг вақтида тўланиши, маълумотларнинг мунтазам берилиши ва иккиламчи бозордаги реал савдо катта аҳамиятга эга.

Г.Бозорова тайёрлади.

Teglar

Mavzuga oid