8 та боғчани қуриш ва таъмирлаш ишлари икки-уч йилдан бери чўзиб келинмоқда

09.09.2025 | 14:2010 daqiqa

Ҳокимликларга боғчадаги бўш турган хоналарни таъмирлаб, қурилиши чўзилган боғчаларни ноябргача ишга тушириш топширилди.

8 та боғчани қуриш ва таъмирлаш ишлари икки-уч йилдан бери чўзиб келинмоқда
Жорий йилда Ўзбекистонда боғча ўринларини қўшимча 182 мингтага кўпайтириш режалаштирилган. Уларнинг 82 минги янги қурилаётган боғчалар ҳиссасига тўғри келиши керак. Бироқ қолган ўринларни қандай йўл билан таъминлаш масаласи маҳаллий ҳокимликлар томонидан етарлича ҳисобга олинмагани бугунги йиғилишда Президент томонидан танқид қилинди. Маълумотларга кўра, ҳозирда 118 та боғчадаги 255 та хона таъмирга муҳтожлиги сабабли бўш ҳолда турибди. Шунингдек, 8 та боғчани қуриш ва таъмирлаш ишлари икки-уч йилдан бери орқада қолмоқда. Аниқ мисол сифатида Чимбой, Ғаллаорол, Қизириқ ва Бойсун туманларидаги биттадан боғча ҳалигача таъмирдан чиқмагани айтилди. Шу билан бирга, Деҳқонобод, Сариосиё, Бўстонлиқ ва Нурафшон туманларида ҳам биттадан янги боғча қурилиши якунланмай қолмоқда. Мутасаддилар 118 та боғчадаги хоналарни таъмирлаб жиҳозлаши ва қурилиши орқада қолган 8 та боғчани тўлиқ ишга тушириши учун 1 ноябрга қадар муҳлат олди. Агар бу муддатда вазифалар бажарилмаса, уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши маълум қилинди.   Қашқадарё вилоятида хусусий ва хорижий боғча ҳамда мактаб ўринлари уч баробарга ошди Тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда мамлакат бўйлаб 80 та туманда янги боғча очиш учун имтиёзлар эълон қилинди. Бу механизмдан унумли фойдаланиш орқали болалар боғчаси ўринларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Қашқадарё вилоятида сўнгги икки йилда хусусий сектор ва хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда боғча ва мактаб ўринлари уч баробарга ошгани мисол сифатида кўрсатилди. Вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, ҳар бир туманда боғча қамрови камида 80 фоиздан паст бўлмаслиги шартлиги белгиланди. Бу мақсадга эришиш учун вилоят ва туман ҳокимликларига бўш ер майдонларини аниқлаб, уларни аукционга чиқариш топширилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда қайси мактаб ва боғчада бўш ҳудудлар борлиги ўрганилиб, ана шу ерларда янги боғчалар қуриш режаси ишлаб чиқилиши кераклиги таъкидланди. Мутасаддиларга бўш ерларда боғча ташкил этиш бўйича хусусий шериклик ёки сармоя киритиш асосида уч йиллик дастур қабул қилиш топширилди. Янги хусусий боғчаларга субсидия бериш ва тарбиячилар маошини қисман қоплаш тартиби жорий этилиши белгиланди.   Янги қурилётган уйларнинг биринчи қаватида боғча очилади Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида хусусий боғчалар ташкил этиш амалиёти барча туманларда жорий этилиши белгиланди. Ўзбекистонда ҳар йили тахминан 2 мингта кўп қаватли уй қурилмоқда. Уларнинг тўртдан бири «Янги Ўзбекистон» массивларида барпо этилмоқда. Бу каби массивларда аҳолининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда уйларнинг биринчи қаватида болалар боғчаси очиш тажрибаси йўлга қўйилди. Жумладан, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида 100 ўринли хусусий боғчаларни уйларнинг биринчи қаватида ташкил этиш амалиёти қўлланилмоқда. Очиқ мулоқотда ушбу тажриба барча туман ва шаҳарларда татбиқ этилиши зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, 80 та туманда боғча очиш учун эълон қилинган имтиёзлар эндиликда кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида боғча ташкил этадиган тадбиркорларга ҳам татбиқ этилиши белгиланди. Бу орқали хусусий секторнинг иштироки кенгайиши кутилмоқда.   Боғчаларда «Янги авлод» тарбия тизими жорий этилади Президент тарбиячилар малакасини ошириш ва боғчаларда ягона методик ёндашув жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
«Қамровни ошириш учун барча шароит қилиб беряпмиз, лекин боғчаларга янги нафас, янги методика кириб бориши, тарбиячиларнинг салоҳияти ҳам шунга яраша бўлиши керак», — деди Президент.
Ёз мавсумида 118 минг тарбиячининг малакаси оширилгани маълум қилинди. Бироқ бу етарли эмаслиги сабабли янги ўқув йилидан педагогика олийгоҳларида «1+5» бакалавр таълим шакли жорий этилади. Унга кўра, тарбиячилар ҳафтанинг бир куни ўқишда, қолган кунлари ишда бўлади. Бу орқали ҳар йили қарийб 10 минг олий маълумотли мутахассис боғчаларда иш бошлаши кутилмоқда. Шу билан бирга, ҳозирда хусусий ва давлат боғчаларида таълим-тарбия сифати учун ягона методик ёндашув йўқлиги алоҳида таъкидланди. Бу эса умумий самарадорликка салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Муаммоларни ҳал этиш мақсадида келгуси йилдан ҳар бир вилоятда таянч «Янги авлод» боғчалари ташкил этилади. Уларда тарбиячиларнинг педагогик маҳоратини ошириш, янгича методик кўмак бериш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш вазифаси юкланади.

Teglar

Mavzuga oid