Logo

Абитуриентлар учун ОТМ ва йўналиш танлаш тартиби маълум қилинди

Bugun 10:152 daqiqa

Бугун, 25-июлдан бошлаб абитуриентлар учун ОТМ ва таълим йўналишини танлаш жараёни бошланди.

Абитуриентлар учун ОТМ ва йўналиш танлаш тартиби маълум қилинди © Foto: podrobno.uz

25-июлдан бошлаб 2026/2027 ўқув йили учун кириш тест синовларида иштирок этган абитуриентлар олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишини танлаш имконига эга бўлди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълум қилди.

Танлов жараёни «аввал тест — сўнг танлов» тамойили асосида ўтказилади. Абитуриентлар тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос равишда 5 тагача олий таълим ташкилоти ҳамда таълим йўналишини танлаши мумкин.

Шу билан бирга, ҳар бир йўналиш учун кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклини белгилаш имконияти мавжуд. Танловни битта ОТМ доирасида ёки турли олий таълим муассасалари кесимида амалга ошириш мумкин.

Танлов қандай ўтади?


ОТМ ва йўналишни танлаш учун абитуриентлар мй.узбмб.уз платформасига кириб, «Олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул» бўлими орқали хизматдан фойдаланиши лозим.

Жараён давомида аввал танлов устуворлиги, мавжуд бўлса мақсадли қабул бўйича танлов белгиланади. Кейин эса фанлар мажмуасига мос таълим йўналишлари ва таълим шакллари танланиб, маълумотлар сақланади.

Танловни якунлаш учун телефон рақамига юборилган SMS-кодни киритиш талаб этилади. Тасдиқланганидан кейин «Абитуриент қайд варақаси» шаклланади ва уни юклаб олиб сақлаш тавсия этилади.

Абитуриентлар киритган маълумотларини 8-августга қадар исталган вақтда таҳрир қилиши мумкин. Белгиланган муддат тугагач, танланган ОТМ, таълим йўналиши ёки таълим шаклини ўзгартириш имконияти бўлмайди.

Мутахассислар йўналиш танлашда фақат ўтган йилги ўтиш балларига эмас, балки ўз натижалари, қизиқишлари ва келгусидаги касбий режаларига ҳам эътибор қаратишни тавсия қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid