«Адолат» партияси қоидабузар ҳайдовчилар учун жазоларни кескин оширишни таклиф этди

21.10.2025 | 12:502 daqiqa

«Адолат» социал-демократик партияси йўллардаги ҳалокатли аварияларни камайтириш мақсадида тезликни меъёрдан оширган ва маст ҳолда одам ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчилар учун жиноий жазоларни оғирлаштиришни таклиф қилмоқда.

«Адолат» партияси қоидабузар ҳайдовчилар учун жазоларни кескин оширишни таклиф этди

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласи яна кун тартибига чиқди. «Адолат» социал-демократик партияси йўлларда содир бўлаётган фожиавий ҳолатлар фондида ҳайдовчилар жавобгарлигини кучайтириш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Партия баёнотида таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатда йўл-транспорт ҳодисалари сони юқори даражада қолмоқда. Фақат 2024 йилнинг ўзида 9364 та ЙТҲ қайд этилган, уларда қарийб 9 минг киши жароҳат олган ва 2203 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Жабрланувчиларнинг катта қисми болалар эканлиги жамиятни жиддий ташвишга солмоқда.

Шу муносабат билан партия қуйидаги чораларни таклиф этди: биринчидан, йўлларда ўлим ҳолатини кескин камайтириш учун халқаро Vision Zero дастурини жорий этиш; иккинчидан, «Мактаб атрофи — хавфсиз ҳудуд» дастурини қабул қилиш орқали болалар хавфсизлигини кучайтириш; учинчидан, йўл қоидаларини такрор бузган ҳайдовчилар учун суғурта тўловларини ошириш орқали иқтисодий жавобгарликни кучайтириш; тўртинчидан, вояга етмаганлар ўлими билан боғлиқ ЙТҲларда жазони икки баробар оғирлаштириш ва таълим муассасалари атрофида тезликни оширганларга нисбатан қатъий жавобгарлик белгилаш.

Партиянинг энг муҳим таклифларидан бири — тезликни сурункали равишда оширган ҳайдовчиларни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан амалдаги уч йил эмас, балки ўн йилгача маҳрум қилиш; шунингдек, маст ҳолда одам ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчиларни умрбод ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этишдир.

«Йўлларда аҳоли, айниқса, болалар хавфсиз ҳаракатлана олмас экан, бу бутун жамият учун сигнал бўлиши керак», — дейилади партия баёнотида.

«Адолат» партияси фракцияси ушбу ташаббусларни қонунчилик ташаббуси сифатида Олий Мажлисга киритишини маълум қилди.

Маълумот учун, 2024 йилда 9364 та йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган ва аварияларда 2203 нафар одам вафот этган.

Teglar

Mavzuga oid