Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши иш бошлагани шарафига дастурхон ёзилди
Комил Алламжонов лойиҳанинг амалга ошишида кўмаклашган АҚШ ҳукумати ва Марказий Осиё давлатлари элчиларига миннатдорлик билдирди.

Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши расман иш бошлади. Шу муносабат билан шарафига тантанали кечки овқат уюштирилди. Бу ҳақда Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов маълум қилди.

«Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо муносабатлари тарихида янги саҳифа очилишида ёнимизда бўлган Оқ уй, Давлат департаменти, Савдо вазирлигидаги ҳамкорларимизга ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари элчиларига миннатдорлик билдираман», — деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Кенгашнинг очилиши
6-апрел куни Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини расман ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Унда кенгаш ҳамраислари — Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор иштирок этди.

«Ушбу тузилма Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги бизнес алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган самарали майдонга айланиши шубҳасиз. Бунга мамлакатларимиз президентларининг қатъий сиёсий иродаси мустаҳкам замин яратмоқда», — деб ёзди Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида.
Сержио Гор Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу кенгашнинг ишга туширилиши «тижорат дипломатияси туфайли сўнгги бир неча ой ичида шерикликда эришилган ақл бовар қилмас ютуқларнинг юқори нуқтаси» эканини таъкидлади.

Кенгашни ташкил этиш бўйича келишувга Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 4−6 ноябрь кунлари АҚШга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган эди. Кенгаш тузилишининг мақсадлари сифатида Ўзбекистон ва Штатлар ўртасидаги «ўзаро манфаатли савдо-инвестиция ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш», шунингдек, «ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу йўналишда самарали ишларни ташкил этиш» кўрсатилган.





