Апрелда уйлар савдоси кескин тушиб кетди
Эскроу тизими жорий қилингач кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони қарийб икки баробарга пасайди.

Ўзбекистонда апрель ойида 23,3 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.
Таққослаш учун уй-жой савдоси орқали тузилган шартномалар сони март ойида 43,6 мингтани ташкил қилганди. 1 апрелдан нақдсиз тўловлар орқали ишловчи эскроу тизими йўлга қўйилгача кўчмас мулк савдоси деярли икки баробар тушиб кетган.
Марказ томонидан эскроу орқали тузилган шартномалар алоҳида кўрсатилмаган. Марказий банк эскроу тизими ёрдамида апрель ойида 13,6 мингта кўчмас мулк шартномалари тузилганини маълум қилганди.
Эскроу тизими уй-жойга инвестиция киритиш шартномаларига тадбиқ этилмаслиги белгиланган. Марказ ва Марказий банк ҳисоб-китобларидаги фарқ шу билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Марказий банк маълум қилишича, эскроу тизими орқали апрель ойида жами 33 273 та шартнома расмийлаштирилган. Буларнинг 19 660 таси транспорт воситалари олди-сотдиси бўлса, 13 613 таси кўчмас мулк битимлари бўлди.
Натижада, кўчмас мулк сотуви мартга нисбатан 3,2 баробарга камайиб кетди. Уй-жой савдоси Ўзбекистон бўйлаб сўнгги 4 йилда ҳеч қачон 15 мингтадан пасаймаганди.

13,6 мингтадан камроқ уй-жой савдоси 2020 йилнинг апрель ойида, пандемия бошланганда қайд этилганди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Vaqt.uz'га маълум қилишича, барча автотранспорт воситалари савдоси март ойида 93,5 мингтани ташкил қилган.
Эскроу тизимидан кейинги апрель ойидаги умумий автотранспорт олди-сотдиси эса 4,7 баробарга камайиб кетди. Автомобил савдоси ҳам 2020 йил апрели — пандемия давридан бери энг паст кўрсаткичга тушди.
Эскроу тизими жорий этилиши бозор учун қисқа муддатли «совуш жараёнини» юзага келтирди. Пандемия давридаги каби савдолар кескин пасайди — бу эса иштирокчиларнинг янги қоидаларга мослашишга улгурмаганини кўрсатмоқда.
Апрелда нархлар қандай бўлди?
Ўтган ойда Ўзбекистондаги иккиламчи уйлар нархининг йиллик ўсиши 8,5 фоизни ташкил қилди. Бу мартга нисбатан 1,5 фоизга камроқ.

Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сирдарё (20 фоиз), Сурхондарё (16,5 фоиз) ва Бухоро (16,3 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Тошкент шаҳрида эса иккиламчи бозорда йиллик ўсиш 6,1 фоизни ташкил қилди. Бирламчи бозорда бу кўрсаткич 8,8 фоиз бўлди.
Эски уйлар кўпроқ Мирзо Улуғбек (9,2 фоиз) Миробод (9 фоиз) ва Чилонзор (8,3 фоиз) туманларида қимматлаган бўлса, янги уйлар нархи Юнусобод (17,3 фоиз), Мирзо Улуғбек (16,8 фоиз) ва Бектемир (11,3 фоиз) туманларида кўпроқ ошди.





