АҚШ Эрон билан урушга қанча пул сарфлагани маълум бўлди
Трамп Теҳрон билан урушни 2001-йил 11-сентябр терактларидан кейин АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонга бостириб кириши билан боғлиқ урушлардан мунтазам равишда фарқлаб келади. АҚШнинг Ироқдаги саккиз йил давом этган уруши 2 трлн долларга, Афғонистондаги 20 йиллик уруш эса 2,3 трлн долларга тушган.
© ReutersАҚШнинг Эрон билан олти ой давом этган уруши 38 миллиард долларга тушган. Бу харажатлар ойига яна 3 миллиард долларга ошиб бориши мумкин. Бу ҳақда «Reuters» АҚШ Конгрессининг Бюджет бошқармаси маълумотларига таяниб хабар берди.
Бошқармасининг 1-август ҳолатидаги ҳисоб-китобларига кўра, уруш 2027-йилнинг дастлабки уч ойида инфляциянинг 0,5 фоизга ошишига олиб келади. Бюджет бошқармаси харажатларнинг асосий қисми ўқ-дорилар захирасининг тез камайиб кетиши билан боғлиқлигини маълум қилди. Уруш давомида сарфланган 21,7 миллиард долларнинг асосий қисми ўқ-дорилар захирасини қайта тўлдиришга кетади. Захираларни қайта тўлдириш учун эса беш йилгача вақт керак бўлиши мумкин.
«Reuters» август ойида АҚШ ўзининг узоқ масофага учадиган юқори аниқликдаги ракеталарининг «деярли барчасини» ишлатиб юборгани ҳақида хабар берган эди. Бюджет бошқармасининг маълумотларига кўра, ракеталарни тутиб қолиш воситалари каби муҳим ўқ-дориларнинг етишмаслиги Пентагоннинг яна бир йирик можаро юзага келган тақдирда жавоб қайтариш имкониятини қийинлаштириши мумкин.
Бундан ташқари, уруш харажатларининг ортиши энергия нархларининг кўтарилишига олиб келди ва аллақачон чекланган федерал бюджетга босимни кучайтирди. Бу АҚШнинг молиявий аҳволини янада оғирлаштириши мумкин. Август ойида мамлакатнинг умумий давлат қарзи 40 триллион доллардан ошди.
Шу билан бирга, Бюджет бошқармасининг ҳисоботида яқинда Ҳормуз бўғозидаги савдо кемаларига берилган зарбалар, минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига уюштирилган ҳужумлар ҳамда урушни молиялаштириш учун олинган қарзлар бўйича харажатлар ҳисобга олинмаган. Бу харажатлар урушнинг умумий қийматига яна ўнлаб миллиард доллар қўшиши мумкин.
Ҳисоботда АҚШ қанча тутиб қолувчи ракета ишлатгани ва Пентагон қанча ракета сотиб олгани ҳақидаги маълумотларни таққослаш натижасида, 2025-йилнинг июнидан бери АҚШ ўзидаги бундай ўқ-дориларнинг «эҳтимол, ярмидан учдан икки қисмигача» сарфлаб юборгани айтилади. Булар қаторига Patriot ва THAAD ракетага қарши мудофаа тизимларида ишлатиладиган тутиб қолувчи ракеталар, шунингдек, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари фойдаланадиган Standard Missile-3 ва Standard Missile-6 ракеталари киради.
Оқ уй матбуот котиби Анна Келли АҚШ ҳарбийларида бош қўмондон Доналд Трамп қўйган барча стратегик мақсадларга эришиш учун «етарли миқдордан ҳам кўпроқ ўқ-дори, снаряд ва захиралар борлигини» маълум қилди.
Пентагоннинг бош матбуот котиби Шон Парнелл ҳам ўқ-дорилар етишмаётгани ҳақидаги хулосаларни рад этди. Унинг айтишича, АҚШда президент танлаган вақт ва жойда зарба бериш учун «барча зарур воситалар мавжуд».
Уруш харажатлари бўйича текширув АҚШ Вакиллар палатаси Бюджет қўмитасидаги етакчи демократ, Пенсилвания штатидан конгрессмен Брендан Бойлнинг илтимосига кўра ўтказилган.
«Инсонлар ҳалок бўлишидан ташқари, Конгресс Бюджет бошқармасининг ушбу холис ҳисоботи уруш америкалик солиқ тўловчиларга ҳам ўнлаб миллиард долларга тушгани ва бу сумма ҳали ҳам ошиб бораётганини аниқ кўрсатмоқда», — деди у.
Можаро давомида сарфланган ўқ-дориларни қайта тўлдириш учун кетадиган 21,7 миллиард долларнинг 7,3 миллиард доллари «ер-ер» туридаги қанотли ракеталарни, 13,1 миллиард доллари ракетага қарши мудофаа тизимлари учун тутиб қолувчи ракеталарни ва 1,2 миллиард доллари бошқа турдаги ўқ-дориларни қайта сотиб олишга сарфланади.
Ҳисоботга кўра, йўқ қилинган ёки йўқотилган ҳарбий техникаларни, жумладан Эрон томонидан уриб туширилган THAAD ракетага қарши мудофаа тизимининг радар станциясини алмаштириш учун яна тахминан 1,9 миллиард доллар керак бўлади. Бундай радар станциясининг ўзи тахминан 500 миллион доллар туради. У Яқин Шарқда ракеталарни тутиб қолиш имкониятини таъминлаш учун зарур.
«Агар Пентагон йўқотилган самолётларни ҳам алмаштириш учун қўшимча маблағ сўраса, умумий харажат 1,9 миллиард доллардан 3,3 миллиард долларгача ошиши мумкин. Агар ҳарбий ҳаракатлар нисбатан паст суръатда давом этса, можаронинг ҳар бир қўшимча ойи АҚШга тахминан 2–3 миллиард долларга тушиши мумкин», — дейилади ҳисоботда.
Можаро июл ойидагидек кучайса, ойлик харажатлар бундан ҳам ошиши мумкин. Июл ойида томонлар бир-бирига навбатма-навбат зарбалар берган ва Бюджет бошқармаси ҳисобига кўра, ўша ойда ҳарбий ҳаракатлар АҚШга тахминан 3 миллиард долларга тушган.
28-февралдан 1-августгача давом этган Эрон билан урушда 18 нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Трамп Эрон билан урушни 2001-йил 11-сентябр терактларидан кейин АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонга бостириб кириши билан боғлиқ урушлардан мунтазам равишда фарқлаб келади. «Reuters» хабарига кўра, АҚШнинг Ироқдаги саккиз йил давом этган уруши 2 триллион долларга, Афғонистондаги 20 йиллик уруш эса 2,3 триллион долларга тушган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ урушлар, санкциялар, инқирозлар, умуман олган ана шу глобал тебранишлар нефт нархларига қандай таъсир қилгани ҳақида ёзган эдик.





