Logo

Атроф-муҳитни ифлослантирган ва дарахтларни ноқонуний кесган қурилиш компанияси 5,5 млрд сўм компенсация тўлаши белгиланди

Bugun 11:353 daqiqa

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида экологик қонунбузарликларга йўл қўйган қурилиш компаниясига чиқиндиларни ноқонуний жойлаштиргани учун 5,2 млрд сўм компенсация, 51 туп дарахтни ноқонуний кесгани учун эса 396 млн сўм зарар ҳисобланди.

Атроф-муҳитни ифлослантирган ва дарахтларни ноқонуний кесган қурилиш компанияси 5,5 млрд сўм компенсация тўлаши белгиланди © Ekologiya qo'mitasi

Тошкентда атроф-муҳитни ифлослантирган ва 51 туп дарахтни ноқонуний кесган қурилиш компанияси жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Қўмитанинг Экополитсияси томонидан Яшнобод тумани Жарқўрғон кўчасида кўп қаватли уй-жой мажмуаси қурилишини олиб бораётган «Б.Д.» МЧЖ фаолияти текширилган. Текширув тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил хабардор қилинган ҳолда ўтказилган бўлиб, унда қатор қўпол экологик қонунбузарликлар аниқланган.

Натижада, чиқиндиларни ноқонуний жойлаштиргани учун корхонага 5 млрд 183 млн 364 минг 476 сўм миқдорида компенсация, йўқ қилинган дарахтлар учун эса ўсимлик дунёсига етказилган 396 млн сўмлик зарар ҳисобланган.

Шунингдек, компания раҳбарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 85−1-моддаси 1-қисми (Қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик) билан 4 миллион 400 минг сўм жарима солинган.

Чанг, лой ва юз минглаб тонна ҳисобсиз чиқиндилар

Қўмита маълумотларига кўра, қурилиш мажмуасининг ҳар бир босқичи бўйича давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олинган бўлса-да, унда белгиланган талабларнинг аксарияти бажарилмаган.

Хусусан, қурилиш майдонига кириш-чиқиш йўлларида юк машиналарининг ғилдиракларини ювиш учун махсус блокпостлар ташкил этилмаган. Оқибатда лой ва тупроқ Жарқўрғон кўчаси бўйлаб 2−2,5 километр масофагача тарқалиб кетган. Транспорт воситаларининг ҳаракати натижасида қуриган лой майдаланиб, ҳавога кучли чанг кўтарилишига сабаб бўлган.

Бундан ташқари, эски биноларни бузишдан ҳосил бўлган 126 188,9 тонна чиқинди ва котлован қазиш ишларидан чиққан 368 432 тонна тупроқ қаерга олиб кетилганини тасдиқловчи бирорта ҳужжат тақдим этилмаган.

Қурилиш ҳудудининг ўзида эса 12 036 тонна қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиси рухсат этилмаган жойда тўплаб қўйилган. Корхона чиқиндиларни олиб чиқиш ва оқова сувларни ташиш бўйича шартномаларни ҳам тузмаган.

Ушбу ҳолатлар «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлар талабларига зид экани билдирилди.

Рад этилган ариза ва кесилган 51 туп дарахт

Текширув давомида ҳудудда 51 туп дарахт рухсатсиз ва ноқонуний йўқ қилингани маълум бўлди. Корхона бунга қадар 50 туп арча ва бир туп чинорни кесиш учун ариза билан мурожаат қилган, бироқ Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан бунга рухсат берилмаган. Рад жавобига қарамай, дарахтлар барибир кесиб ташланган.

Корхона «Яшил макон» дастури доирасида ҳудуднинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш ва углерод нейтраллиги режасини ишлаб чиқиш каби мажбуриятларни ҳам инкор қилган.

Қўшимча мажбуриятлар

Қурилиш компаниясига молиявий жарималардан ташқари, кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан, жами 5100 туп камида уч йиллик кўчат экиш ва уларни уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти юклатилди.

Қўмита томонидан корхонага чанг кўтарилишининг олдини олиш, чиқиндиларни ўлчаш, олиб чиқиш ва қайта ишлашга топшириш, шунингдек, 10 декабрга қадар «Экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнот» лойиҳасини экспертизадан ўтказиш бўйича қатъий кўрсатмалар берилган.



Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда қурилиш сабаб қабристон девори қулагани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid