Ахборот хизмати раҳбарлари аттестациядан ўтказилади

23.01.2026 | 14:482 daqiqa

Ахборот хизмати раҳбарларининг касбий салоҳиятини баҳолашга қаратилган ягона аттестация тартиби жорий этилди.

Ахборот хизмати раҳбарлари аттестациядан ўтказилади

Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тасдиқланди. Бу бўйича тегишли низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат ахборот хизмати раҳбарларининг касбий билим ва кўникмаларини тизимли равишда баҳолашни назарда тутади.

Аттестация ўтказиш тартиби

Низомга кўра, ахборот хизмати раҳбарлари Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтиши шарт. Аттестацияни ташкил этиш учун Марказ директори буйруғи билан камида етти нафар аъзодан иборат Аттестация комиссияси тузилади. Комиссия аттестация муддати етган талабгорлар рўйхатини шакллантириш учун тегишли давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилади.

Талабгорларни ўрганиш ва муддатлар

Комиссияга тақдим этилган талабгорлар анкетаси ўн кун мобайнида атрофлича ўрганиб чиқилади. Шу асосда аттестациядан ўтадиган раҳбарлар рўйхати тасдиқланади. Аттестация жараёни эса умумий ҳисобда икки ой ичида якунланиши белгиланган. Бу жараёнда шаффофлик ва холисликни таъминлаш асосий талаб сифатида белгиланган.

Баҳолаш мезонлари

Аттестация бешта савол ва амалий синовларни ўз ичига олган оғзаки суҳбат шаклида ўтказилади. Суҳбат натижалари беш баллик тизим асосида баҳоланади. Камида тўрт балл тўплаган талабгор аттестациядан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланади ва унга тегишли гувоҳнома берилади. Ушбу тартиб ахборот хизматлари фаолиятида масъулият ва самарадорликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2025 йил 11 декабрдаги тегишли қарорига кўра, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олувчи орган сифатида фаолият юритади. АОКА тугатилгандан сўнг, ОАВни рўйхатдан ўтказадиган ташкилот номаълум бўлиб қолаётганди.

Teglar

Mavzuga oid