БАА президенти мамлакат «уруш ҳолатида» эканини эълон қилди

08.03.2026 | 08:552 daqiqa

Эроннинг Амирликлар ҳудудига уюштирган ҳужумларидан сўнг БАА раҳбари кескин баёнот билан чиқди: мамлакат ўз суверенитетини ҳимоя қилишга ва душманга муносиб жавоб қайтаришга тайёр.

БАА президенти мамлакат «уруш ҳолатида» эканини эълон қилди

Берган видеомурожаатида БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳайян Эрон ҳужумларидан жабр кўрган ҳудудларни бориб кўрди ва мамлакат расман «уруш ҳолатида» эканини билдирди.

«Биз уруш ҳолатидамиз ва мен ваъда бераманки, биз ўз бурчимизни бажарамиз, чунки яқинларимизни ва ватанимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз», — деди у «Emarat Al Youm» нашрига кўра.

БАА давлат раҳбари Амирликлар «осон ўлжа» эмаслигини алоҳида таъкидлаб, мамлакатда яшаётган хорижликлар ҳам давлат ҳимоясидаги азиз меҳмонлар эканини қайд этди.

АҚШ ва Исроилнинг 28-февралда бошланган ҳарбий амалиётига жавобан Теҳрон Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчиларига, жумладан БААга ҳам зарбалар бермоқда. Гарчи ҳужумлар ҳарбий инфратузилмага қаратилган бўлса-да, Дубайдаги «Бурж ал-Араб» меҳмонхонаси, «Бурж Халифа» осмонўпар биноси яқини ва «Палм-Жумейра» тумани каби фуқаролик объектлари ҳам шикастлангани хабар қилинган.

 

Объектларга ҳужум

7-март куни эрталаб Эрон Ҳарбий-денгиз кучлари БАА ва Кувайтдаги АҚШ объектларига дронлар билан оммавий зарба берди. Абу Дабидаги «Ал-Минҳад» базаси ва Кувайтдаги «Ал-Адири» лагери нишонга олинди. Дубайдаги халқаро аэропорт ҳам ҳужумга учраган объектлар қаторида қайд этилди. Бундай ҳаракатлар минтақавий кескинликни энг юқори нуқтага олиб чиқди.

«Axios» нашрининг манбаларига кўра, БАА расмийлари Эронга нисбатан ҳарбий жавоб қайтариш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Гап Эроннинг ракета мажмуаларига тўғридан тўғри зарба бериш ҳақида кетмоқда. Амирликлар президентининг баёноти мамлакатнинг ҳарбий куч ишлатишга бўлган сиёсий иродасини тасдиқлади.

 

Минтақавий хавфсизлик

БАА раҳбариятининг қатъий позицияси Форс кўрфазидаги хавфсизлик тизими тубдан ўзгараётганини кўрсатмоқда. Илгари фақат дипломатик ва иқтисодий воситаларга таянган Амирликлар эндиликда бевосита ҳарбий тўқнашув остонасида турибди. Бу эса глобал нефт бозори ва халқаро авиақатновлар учун янги хавфларни келтириб чиқаради.

АҚШнинг учинчи авиаташувчи гуруҳининг минтақага келиши ва БААнинг эҳтимолий ҳарбий жавоби вазиятни назоратдан чиқариб юбориши мумкин. Дунё ҳамжамияти Форс кўрфазидаги ушбу инқирознинг кенг кўламли минтақавий урушга айланиб кетишидан хавотирда.

Teglar

Mavzuga oid