Logo

Барча тўловлар фақат UzQR орқали амалга оширилиши шарт эмас — Солиқ қўмитаси

Bugun 10:552 daqiqa

Тадбиркорлар ягона QR-код билан бирга банк карталари, нақд пул ва бошқа тўлов усулларидан фойдаланишда давом этиши мумкин.

Барча тўловлар фақат UzQR орқали амалга оширилиши шарт эмас — Солиқ қўмитаси © Davlat soliq qo'mitasi

1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ягона QR-кодли тўлов тизими — UzQR орқали тўловларни қабул қилиш тартиби кучга кирди.

Шундан сўнг тадбиркорлар ва аҳоли орасида ягона QR-коддан фойдаланиш тартиби бўйича турли саволлар пайдо бўлди. Солиқ қўмитаси ушбу масала юзасидан тушунтириш берди.

Қўмитага кўра, солиқ органлари ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини белгилайдиган ваколатли орган ҳисобланмайди.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган барча юридик шахслар ягона QR-кодли тўлов тизими орқали тўлов қабул қилиш имкониятини яратиши шарт.

Бироқ бу барча ҳисоб-китоблар фақат UzQR орқали амалга оширилиши кераклигини англатмайди.

«Ягона QR-код харидор учун қўшимча тўлов усулларидан бири сифатида мавжуд бўлиши керак, холос», — дейилади хабарда.

Тадбиркорлик субъектлари ўз танловига кўра, давлат реестрига киритилган тўлов ташкилотларининг QR-кодлари, банк карталари, нақд пул ҳамда қонунчиликда рухсат этилган бошқа тўлов шаклларидан фойдаланишда давом этиши мумкин.

Шунингдек, Солиқ қўмитаси солиқ органлари томонидан ушбу жараёнга аралашишга йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Агар солиқ ходимлари томонидан давлат реестрига киритилган тўлов ташкилотларининг QR-кодларини олиб ташлаш бўйича ноқонуний ҳолатлар кузатилса, қўмитанинг 71 244-98-98 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.

Марказий банк муносабати

Аввалроқ Марказий банк тизим орқали амалга ошириладиган тўловлар бўйича умумий комиссия улуши 0,65 фоиз этиб белгиланганини маълум қилганди.

●     0,10 фоиз — экваер банк, яъни ҚР-кодни мерчантга ўрнатиб берган банк;

●     0,15 фоиз — тўлов Uzcard ёки Humo миллий карталари орқали амалга оширилганда тегишли улуш, шундан Uzcard 0,075 фоиз ва Humo 0,05 фоиз банк картаси эмитентига қайтаради;

●     0,20 фоиз — ҚР-код оператори: тизимни узлуксиз қўллаб-қувватлаш, ягона колл-марказ фаолияти, мижозлар учун шахсий кабинетлар ҳамда онлайн-ККМ билан интеграция харажатларини қоплаш учун;

●     0,15 фоиз — тўлов ташаббускори, яъни ҚР-кодни ўқувчи мобил илова;

●     0,05 фоиз — тўловчи банк, яъни тизимда тўловни амалга оширувчи банк.

Марказий банк тизим иштирокчилари бир вақтнинг ўзида бир нечта улуш олишлари мумкинлигини ҳам таъкидлади. Масалан, агар тўлов банкнинг ўз иловасида амалга оширилса ва карта ҳам ўша банкники бўлса, банк жами 0,20 фоиз олиши мумкин; агар мерчант ҳам ўша банкнинг мижози бўлса, улуш 0,30 фоизга етиши мумкин.

Шунингдек, тўлов банк картаси орқали эмас, балки банк ҳисобварағи ёки электрон ҳамён орқали амалга оширилганда, электрон тўлов воситаси эгаси жами 0,15 фоиз улушни олади.

Teglar

Mavzuga oid