Бизнес электр учун олдиндан тўловни бекор қилиш таклиф этилди

Bugun 17:002 daqiqa

Ишлаб чиқарувчи корхоналар электр энергияси учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилиш амалиётини қайта кўриб чиқишни сўраб, амалда истеъмол қилинган ҳажм бўйича ҳисоб-китоб тизимига ўтиш таклифини илгари сурди.

Бизнес электр учун олдиндан тўловни бекор қилиш таклиф этилди

Савдо-санаот палатасида тадбиркорлар иштирокида ўтказилган учрашувда ишлаб чиқарувчи корхоналар учун электр энергияси бўйича ҳисоб-китоб тартиби муҳокама қилинди. Унда тадбиркорлар амалдаги 100 фоиз олдиндан тўлов тизими бизнес фаолиятига қўшимча молиявий босим юклаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, ҳозир энергетика соҳасида ҳисоб-китоб жараёни автоматлаштирилган. Ҳисобдаги маблағ тугаши билан электр таъминоти автоматик равишда ўчирилади. Шу сабабли тадбиркорлар қарздорлик юзага келиши эҳтимоли деярли мавжуд эмаслигини айтмоқда.

Қарздорлик юзага келмайди

«Агар қарздорликка кириши билан электрни ўчириш имконияти яратилган бўлса, тизим автоматик тарзда ўчиряпти. Шундай экан, қарздорликнинг ўзи бўлмайди. Пули тугадими — ўчади, пул туширса — яна ишлайди», — деди тадбиркорлардан бири.

Шунингдек, айрим корхоналар учун олдиндан тўловни икки қисмда амалга ошириш имконияти жорий этилгани, аммо бу тартиб амалиётда тўлиқ ишламаётгани ҳам айтилди. Тадбиркорлар ҳали ҳам кўп ҳолатларда 100 фоиз олдиндан тўлов қилишга мажбур бўлаётганини билдирган.

Бизнес вакиллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни фақат амалда истеъмол қилинган электр энергияси бўйича тўлов тизимига ўтказишни таклиф қилди. Уларга кўра, бу корхоналарнинг айланма маблағларини эркин сақлаш, ишлаб чиқариш жараёни барқарорлигини таъминлаш ва молиявий юкламани қисқартиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил август ойида ҳам бизнес вакиллари электр ва газ учун олдиндан тўлов миқдорини икки баробар камайтириш таклифини илгари сурган эди.

Teglar

Mavzuga oid