Logo

Британиянинг уч қисми мустақиллик учун бирлашди

Bugun 10:002 daqiqa

Шотландия, Уэлс ва Шимолий Ирландия раҳбарлари Буюк Британиядан мустақил бўлиш бўйича келишув имзолади.

Британиянинг уч қисми мустақиллик учун бирлашди

Шотландия, Уэлс ва Шимолий Ирландиянинг биринчи вазирлари ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини мустаҳкамловчи ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда «BBC» нашри хабар бермоқда.

Жон Суинни (Шотландия миллий партияси), Рин ап Йорверт (Уэлс партияси) ва Мишел ОʼНил («Шинн Фейн») Уэлснинг Кардифф шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Буюк Британия ҳукумати конституциявий ўзгаришларга «тайёргарлик кўриши» кераклигини эълон қилди. Уларнинг фикрича, Британия ҳукумати демократияга тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эга эмас.

«Вестминстернинг вақти ўз ниҳоясига етмоқда», — дея биринчи вазирларнинг баёнотидан иқтибос келтиради «BBC» нашри.

Матбуот анжуманида Суинни ва ОʼНил яқин келажакда Буюк Британия таркибидан чиқиш бўйича референдумлар ўтказишга чақирди.

Нашрнинг қайд этишича, Буюк Британиянинг тўртта қисмидан учтасининг ҳукуматларига биринчи марта миллатчи партиялар вакиллари раҳбарлик қилмоқда ва бу уларнинг илк бор шундай форматидаги учрашувидир.

Мустақиллик референдумларини ўтказишдаги қонуний тўсиқлар

Маълумот учун, Шотландия 2014 йилда Буюк Британиядан чиқиш бўйича референдум ўтказган эди. Ўшанда мамлакатни Буюк Британия таркибида сақлаб қолиш тарафдорлари тахминан 10 фоизлик устунлик билан ғалаба қозонган.

2016 йилда Буюк Британия аҳолиси Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз берганидан сўнг, Шотландия расмийлари янги мустақиллик референдумини ўтказиш ниятида эканликларини эълон қилганди. Бироқ Британия судлари Шотландия ҳукумати бундай референдумларни мустақил равишда белгилай олмайди, деган хулосага келган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Шимолий Ирландияни Ирландия билан қайта бирлаштириш бўйича референдумни ҳам фақат Буюк Британия ҳукумати тайинлаши мумкин.

Шунингдек, Иттифоқдан чиқиш бўйича илгари референдум ўтказишга уринмаган Уэлс ҳукуматида ҳам бундай ҳаракатлар учун қонуний ҳуқуқ мавжуд эмас.

Teglar

Mavzuga oid