Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг қуввати 4,6 млн тоннага етказилиб, «Евро-5» бензини ишлаб чиқарилади
«Евро-5» экологик стандартига жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 русумли автобензин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қиймати 328 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилган.
© uz.kursiv.mediaБухоро нефтни қайта ишлаш заводида умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган модернизация ва кенгайтириш лойиҳалари амалга оширилади. Натижада корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4,6 миллион тоннага етказилиб, экологик тоза «Евро-5» стандартидаги автобензин ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг жорий фаолияти ва қувватларини кенгайтириш бўйича режалар юзасидан ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, тақдимот давомида лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги, замонавий технологияларни жалб қилиш, қувватлардан тўлиқ фойдаланиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
328 миллион долларлик лойиҳа ва «Евро-5» стандарти
Корхонани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида «Евро-5» экологик стандартига жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 русумли автобензин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қиймати 328 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилган. Унинг доирасида мавжуд технологик жараёнларни такомиллаштириш ва янги ишлаб чиқариш қурилмаларини барпо этиш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида йилига 1,1 миллион тонна «Евро-5» стандартидаги автобензин ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Шунингдек, импорт қилинадиган ёқилғи қўшимчалари харажатларидан йилига 150 миллион долларгача маблағ тежалиши ҳамда 200 та янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда. Режага кўра, мазкур лойиҳа 2029 йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилиши мўлжалланган.
Қиймати 1,8 миллиард долларлик истиқболли кенгайтириш дастури
Заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш бўйича тақдим этилган истиқболли лойиҳанинг қиймати, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1,8 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу лойиҳа доирасида нефтни замонавий қайта ишлаш ва нефть-кимё технологияларини жорий этиш режалаштирилган.
Натижада заводда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотларининг умумий йиллик ҳажмини ҳозирги 2,1 миллион тоннадан 4,6 миллион тоннага етказиш имконияти пайдо бўлади.
Жумладан, автобензин ишлаб чиқариш 2,7 миллион тоннага, дизель ёнилғиси 1,24 миллион тоннага, авиакеросин эса 500 минг тоннага етказилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, бензол ва бошқа нефть-кимё маҳсулотларини ўзлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш имкониятлари пайдо бўлади.
Қурилиш ишларини 2028 йилда бошлаш мўлжалланган бўлиб, лойиҳани амалга оширишда Хитой, Франция, АҚШ ва Озарбайжоннинг етакчи технологик компаниялари билан ҳамкорлик қилиниши маълум қилинди.
Корхонанинг жорий молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари
1997 йилда ишга туширилган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бугунги кунда мамлакат ёқилғи-энергетика тармоғида муҳим ўрин тутади ва унда 3,2 мингдан зиёд киши меҳнат қилади. Корхона йилига 2,5 миллион тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш лойиҳавий қувватига эга.
Тақдимотда берилган ахборотга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида 1,5 миллион тоннадан зиёд хомашё қайта ишланиб, қарийб 1,5 миллион тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу даврда соф фойда 2,2 триллион сўмни ташкил этган. Йил якунига қадар эса хомашёни қайта ишлаш ҳажмини 2,17 миллион тоннага, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2,12 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.





