Бухоронинг янги аэропорти: 226 млн долларлик лойиҳага саволлар

Kecha 17:345 daqiqa

Самарқанд аэропортидан уч баробар қимматроқ ва дастлабки тендерсиз бошланган Бухоро аэропорти лойиҳаси энди янги тендер босқичига ўтди. Бироқ аввалги ёпиқ келишувлар ва сарфланган миллиардлаб маблағлар тақдирига оид саволлар ҳануз жавобсиз қолмоқда.

Бухоронинг янги аэропорти: 226 млн долларлик лойиҳага саволлар

«Uzbekistan Airports» 2026-йил 11-мартда Бухородаги янги халқаро аэропортини давлат-хусусий шерикчилик асосида қуриш ва бошқариш бўйича тендер бошланганини эълон қилди.

1

Бухоро аэропорти лойиҳаси


Ваҳоланки, аэропорт ҳеч қандай тендерсиз хорижий инвесторга топширилган, техник иқтисодий асослари тасдиқланмай туриб, қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилгани ҳақида ҳам 2025-йилнинг 20-мартида «Uzbekistan Airports»нинг ўзи маълум қилган эди. Ўша пайтда компания раиси Жавлонбек Умархўжаев 2026-йил охиригача янги аэропорт қурилишини якунлаш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилганини ҳам айтган.

Янги аэропорт қандай бўлади?

Соатига 1200 йўловчига хизмат кўрсатувчи янги аэропортнинг қиймати 226 млн доллар деб баҳоланган. Лойиҳа Бухоро туманидаги «Қумсултон» массивида янги аэропорт мажмуасини барпо этишни назарда тутади. У ички ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатиб, минтақадаги муҳим транспорт тугунларидан бирига айланиши кутилмоқда.

«Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилмоқда. Кеча Бухоро туманида ҳозиргидан 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилди. Бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилади», — дея 2024-йилда маълум қилган эди президент матбуот хизмати.

Лойиҳага кўра:

  • 48,5 минг квадрат метр майдонга эга йўловчи терминали қурилади;

  • халқаро рейслар учун соатига 1200 нафар, ички рейслар учун 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади;

  • кейтеринг биноси, автотураргоҳлар ва юк майдончалари барпо этилади;

  • 8000 куб метр сиғимга эга ёнилғи мажмуаси ташкил этилади.

Шу билан бирга, аэродром инфратузилмаси давлат тасарруфида қолади. Хусусий шерик эса терминал ва унга боғлиқ инфратузилмани қуриш ҳамда эксплуатация қилиш учун масъул бўлади.

«Enter Engineering» компанияси Бухоро аэропортига хусусий шерик

Ўзбекистон ҳукумати ходимлар, бюджет ва банклар олдидаги қарздорликни узиш учун «Enter Engineering», «Eriell Grou»p ва «Sanoat Energetika Guruhi» (SANEG) компаниялар гуруҳининг носоҳавий активларини сотиш режалаштирилиши фонида аэропорт қурилишида «Enter Engineering» компанияси хусусий шерик бўлгани маълум бўлди.

Ушбу лойиҳага янги инвесторларни жалб қилиш режалари ҳақида хабар берилган.

Бироқ ушбу жараёнлар фонида қатор муҳим саволлар очиқ қолмоқда. Энг аввало, Бухоро халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича илгари тендерсиз танланган инвестор билан тузилган шартнома қачон ва қайси ҳуқуқий асосга кўра бекор қилингани номаълум. Ушбу қарор томонлар ўртасида расмий далолатнома билан мустаҳкамланганми ёки йўқ — бу ҳам очиқланмаган.

Шунингдек, ўтган икки йил давомида аввалги инвестор томонидан амалга оширилган ишлар ҳажми ва қиймати ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. Бу ишлар қайси ваколатли орган ёки мустақил баҳоловчи томонидан тасдиқлангани, улар қандай молиявий кўрсаткичлар асосида баҳоланганига оид саволлар жавобсиз қолмоқда. Шу билан бирга, давлат томонидан лойиҳа доирасида амалга оширилган инфратузилма харажатлари, шунингдек, берилган божхона ва солиқ имтиёзлари туфайли бюджетга тушмай қолган маблағлар миқдори ҳам очиқланмаган.

Яна бир муҳим жиҳат — аввалги инвестор зиммасига юклатилган, аммо бажарилмай қолган мажбуриятлар бўйича якуний молиявий ҳисоб-китоблар ўтказилганми ёки йўқ. Агар жарима, пеня ёки бошқа мажбуриятлар мавжуд бўлса, уларнинг тақдири қандай ҳал этилгани ҳам номаълум.

VAQT.UZ журналисти юқоридаги саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовга сўров юборган. (Агар вазирлик матбуот хизмати сўровга расман жавоб берса, уни албатта эълон қиламиз).

Шунингдек, «Аввал иқтисод…» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам бу масалага эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, икки йил аввал лойиҳа ҳеч қандай тендер ва аниқ мезонларсиз давлат-хусусий шериклик асосида инвесторга берилган. Энди эса янги тендер эълон қилинаётгани аввалги битим тақдири очиқ қолганини англатади.

«Янги тендер эълон қилинаётган бўлса, демак, олдинги шартнома бекор қилинган бўлиши керак. Аммо бу қандай асосда амалга оширилди ва ҳисоб-китоблар қандай якунланди — бу ҳақда жамоатчиликка ҳеч қандай ахборот берилмаяпти», — дейди у.

Иқтисодчи, шунингдек, амалга оширилган ишлар қиймати масаласига ҳам урғу беради. Унинг фикрича, агар аввалги инвестор томонидан маълум ҳажмда ишлар бажарилган бўлса, янги инвестор келганда бу активлар қандай баҳоланиши ва қайси қийматда ўтиши очиқ тушунтирилиши керак.

«Бу оддий лойиҳа эмас. Гап мамлакатнинг энг йирик туристик марказларидан бири — Бухоро аэропорти ҳақида кетмоқда. Шу сабабли жамоатчилик бу жараён бўйича тўлиқ ва аниқ ахборот олишга ҳақли», — дея таъкидлаган эди иқтисодчи.


Бухородаги қурилиш: Самарқанддаги хатолар такрорланадими?

Бухородаги янги аэропорти қиймати Самарқанддагидан қарийб уч баробар қимматроқ. Бундай улкан тафовут эса табиий равишда: «Нега айнан Бухорода харажатлар бунчалик юқори?» деган ҳақли саволни ўртага ташлайди.

2

Самарқанд аэропорти 

Бу шубҳалар шунчаки пайдо бўлгани йўқ, чунки Самарқанд аэропорти мисолида биз аллақачон муваффақиятсиз тажрибани кўриб улгурдик. Ўшанда дастлаб 62 миллион доллар деб баҳоланган лойиҳа қурилиш жараёнида 82 миллион долларгача кўтарилган эди. Энг ачинарлиси, маблағлар ошиши сифат ёки қувватнинг ошишига хизмат қилмади: аэропортнинг йўловчи ўтказиш имконияти кутилган 1200 кишидан 800 кишигача пасайиб кетди. Яъни, давлат кўпроқ пул сарфлади, лекин якунда камроқ самарадорликка эга бўлди. Бу ҳолат лойиҳалаштириш ва назорат тизимида жиддий нуқсонлар борлигидан далолат беради.

Яна бир муҳим жиҳат — лойиҳаларнинг очиқ тендерларсиз амалга оширилишидир. Вақтида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Самарқанд аэропорти учун тендер ўтказилмаслигини «вақтдан ютиш» истаги билан изоҳлаган эди. Бироқ амалиёт бунинг аксини кўрсатди: лойиҳа барибир белгиланган муддатдан олти ойга кечикиб топширилди. Демак, очиқликдан воз кечиш вақтни тежашга эмас, аксинча, жараённинг чўзилишига ва харажатларнинг назоратсиз равишда «шишиб» кетишига шароит яратди.

Бугунги кунда Бухоро аэропорти лойиҳаси ҳам худди шундай шубҳали сценарий асосида давом этаётгандек таассурот уйғотмоқда. Агар аввалги хатолардан тўғри хулоса чиқарилмаса, биз яна ўша эски муаммоларга дуч келишимиз мумкин: харажатларнинг босқичма-босқич ошиб бориши, қурилиш муддатларининг чўзилиши ва якуний натижанинг сарфланган миллиардларга мос келмаслиги

Аввалги инвестор билан тузилган келишув тақдири очиқланмай туриб янги тендер эълон қилиниши — тизимда ҳисобдорликнинг оқсаётганидан далолат. Агар лойиҳанинг ҳар бир босқичи, сарфланаётган 226 млн долларнинг асослари ва олдинги мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китоблар жамоатчиликка тушунтирилмас экан, бу лойиҳа иқтисодий ютуқ эмас, балки навбатдаги тизимли муаммо сифатида тарихда қолади. Давлат маблағлари ва стратегик объектлар устидан назорат фақат қоғозда эмас, амалда шаффоф бўлиши шарт.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 102

Barchasi

Mavzuga oid