Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ёмғир ва момақалдироқ кутилмоқда
Дам олиш кунлари республика ҳудудларида ёғингарчилик кузатилиб, айрим жойларда момақалдироқ ва кучли шамол бўлиши кутилмоқда.
© Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда ҳафта охирида об-ҳаво ўзгариб, кўплаб ҳудудларда ёғингарчилик кузатилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» маълум қилди.
4 апрел, шанба куни Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах вилоятларида, шунингдек, Фарғона водийси ва жанубий тоғолди ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда. Айрим жойларда момақалдироқ билан кузатилиши мумкин. Қолган ҳудудларда эса асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади. Ҳарорат +20…+25 даража атрофида бўлади.
Якшанба куни республика бўйлаб яна айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқлар кузатилиши мумкин. Шу билан бирга, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиши прогноз қилинмоқда.
Мутахассислар тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқинлари хавфи борлигини маълум қилди. Шунингдек, тоғли жойларда қор кўчиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Тошкент шаҳрида жума куни ёғингарчилик кутилмайди ва ҳарорат +22…+24 даража бўлади. Шанба куни эса вақт-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ кузатилиши мумкин, шамол секундига 10–12 метргача кучаяди. Якшанба куни эрталаб ёмғир ёғади, кундузи эса ҳаво очилиб, ҳарорат +22…+24 даражагача кўтарилади.





