Logo

Давлат қурилишларида пудрат ташкилотларининг харажатлари қандай ҳисобланади?

Bugun 14:312 daqiqa

Қурилиш ишчиларининг иш ҳақи республика бўйича бир киши бир соат ишлагани учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 фоизи миқдорида белгиланади. Бунда ижтимоий солиқ ҳам ҳисобга олинади.

Давлат қурилишларида пудрат ташкилотларининг харажатлари қандай ҳисобланади? © vaqt.uz

Ҳукумат қурилиш объектларида пудрат ташкилотларининг харажатларини ҳисоблаш тартибини белгилади. Янги низомга кўра, давлат маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишларида иш ҳақи, ишлаб чиқариш харажатлари ва пудратчининг фойдаси муайян меъёрлар асосида ҳисобланади. Янги тартиб 2027-йил 1-январдан кучга киради.

Қарорга кўра, 1-январдан бошлаб бюджет маблағлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ёки ундан кўп бўлган хўжалик жамиятлари маблағлари ҳисобидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган объектлар учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва уларнинг бошланғич қийматини белгилашда қуйидаги тартиб амал қилади:

Қурилиш ишчиларининг иш ҳақи республика бўйича бир киши бир соат ишлагани учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 фоизи миқдорида белгиланади. Бунда ижтимоий солиқ ҳам ҳисобга олинади.

Пудрат ташкилотларининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа харажатлари тўғридан-тўғри харажатлар суммасининг 2,5 фоизи миқдорида белгиланади. Тоғли, чўл ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги объектлар учун бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил этади.

Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари тўғридан-тўғри харажатлар суммасининг 20 фоизи, зарур фойда эса 7 фоизи миқдорида белгиланади.

Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини ҳисоблаш, текшириш ва тасдиқлаш ишлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади.

Агар пудрат ташкилоти ташкил топганига бир календар йилдан ошмаган ва баланс кўрсаткичлари, молиявий ҳисоботлар ва ҳисобот кўрсаткичлари топширилмаган ҳолларда бошқа харажатлар смета қийматининг 10 фоизи ҳамда зарур фойда 7 фоизи миқдорида қабул қилинади.

Ишлаб чиқаришга доир бошқа харажатлар учун ажратилган маблағлар ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми ва қийматидан келиб чиққан ҳолда молиялаштирилади.

Тендер (танлов) асосида расмийлаштириладиган шартномаларда шартнома даврида пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдорига ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмайди (солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилган ҳоллар бундан мустасно).

Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдори тўғрисидаги маълумотлар пудрат ташкилотлари кесимида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида эълон қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янги Тошкентда қурилиш учун инфратузилма тўловлари қайта кўриб чиқилиши ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid