Демократлар Трампдан Россия нефтига қарши санкцияларни зудлик билан қайтаришни талаб қилди
АҚШ Конгрессидаги демократлар президент Доналд Трамп маъмуриятини Россия нефтини Ҳиндистонга вақтинча сотишга рухсат берувчи қарорни бекор қилишга ва энергетика секторига нисбатан чекловларни қайта тиклашга чақирди.

Конгрессмен Сэм Ликкардо ва сенатор Рубен Гальего АҚШ Молия вазири Скотт Бессентга йўллаган мактубда Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводлари учун берилган 30 кунлик имтиёзни кескин танқид қилди. Қонунчиларнинг фикрича, бундай қарор «хавфли, акс таъсир этувчи ва асоссиз» бўлиб, рақиб давлатга тўғридан тўғри фойда келтиради, деб ёзмоқда CNBC.
Демократлар Россия Эронга Яқин Шарқдаги Америка нишонларини аниқлаш ва уларга ҳужум қилишда ёрдам бераётгани ҳақидаги хабарлардан хавотирда. Уларнинг таъкидлашича, санкцияларнинг вақтинча юмшатилиши Москвага қўшимча даромад олиш имконини беради ва бу АҚШ ҳарбийларига қарши ҳужумларни рағбатлантириш сифатида қабул қилиниши мумкин.
«Россия учун берилган истиснолар АҚШ ўз ҳарбийларига бўлган ҳужумларни мукофотлаши ҳақида сигнал беради», — дейилади мактубда.
Нефт бозоридаги тебранишлар
Трамп маъмурияти Россияга нисбатан санкцияларни юмшатишга Ҳўрмуз бўғози орқали нефт етказиб беришдаги узилишлар сабабли мажбур бўлган эди. Дунё энергия ресурсларининг 20 фоизи ўтадиган ушбу йўналишдаги муаммолар фонида «Brent» маркали нефт нархи кеча 112 долларгача кўтарилган эди.
Бироқ президент Трамп матбуот анжуманида Эрон билан уруш «жуда тез» тугаши мумкинлигини эълон қилгач, нефт нархи кескин тушиб, 90 доллар атрофида барқарорлашди. Демократлар эса вазият бироз юмшаганидан фойдаланиб, Россияга нисбатан босимни қайта тиклаш кераклигини уқтирмоқдалар.
Сиёсий қарама-қаршилик
Айни дамда Оқ уй ва Конгресс ўртасида Россияга нисбатан юритиладиган сиёсат борасида жиддий ихтилофлар юзага келган. Демократлар ички бозорда ёқилғи нархини тушириш учун Россия нефтидан фойдаланишни стратегик хато деб ҳисобламоқдалар. Молия вазирлиги эса ҳозирча ушбу талабларга расмий муносабат билдиргани йўқ.





