Logo

Дилнозахон Каттахонова Оила ва хотин қизлар қўмитаси янги раиси бўлади — манба

Bugun 11:122 daqiqa

Дилноза Собиржоновна Каттахонова Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланади. Бу ҳақда айни пайтда Вазирлар Маҳкамасида давом этаётган ва ушбу тайинлов билан боғлиқ йиғилишдан хабардор Vaqt.uz манбаси хабар берди.

Дилнозахон Каттахонова Оила ва хотин қизлар қўмитаси янги раиси бўлади — манба © Ijtimoiy tarmoqlar

Каттахонова шу кунга қадар Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Ушбу лавозим ўзгариши давлат раҳбарининг 30-июн кунги ёшлар билан учрашувда ҳукуматдаги турли лавозимларга ёш кадрларнинг олиб келиниши сиёсати давом этиши ҳақидаги фикрлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
 
Маълумот учун, Дилноза Каттаханова бу лавозимда Зулайхо Маҳкамова ўрнини эгалламоқда. Аввалроқ Vaqt.uz Маҳкамова Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берган эди.
 
Таҳририятнинг Ёшлар ишлари агентлигидаги бошқа бир манбасига кўра, Дилноза Каттахонова шу кунларда АҚШдаги хусусий Станфорд университетига ўқишга ҳам кирган бўлган. Аммо тайинловдан кейин энди у Калифорнияга кетмайди.

Дилноза Каттахонова 1991-йил 2-июлда Қўқон шаҳрида туғилган. 2014-йилда Каттахонова Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаган. Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга. Шунингдек, Гарвард университетининг Жон Кеннеди номидаги давлат бошқаруви мактаби магистрлик дастури тингловчиси ҳисобланади.

У меҳнат фаолияти давомида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқида турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, «Камалак» болалар ташкилотига раҳбарлик қилган.

2020-йил июлида янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари этиб тайинланган. 2023 йил декабрдан буён эса агентлик директорининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Дилноза Каттахонова «Дўстлик» давлат ордени, «Халқлар дўстлиги» ҳамда «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Шунингдек, у Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid

Дилнозахон Каттахонова Оила ва хотин қизлар қўмитаси янги раиси бўлади — манба | Vaqt.uz