Logo

Доллар келгуси йилларда қандай бўлади?

Ҳисоб-китобларга кўра, 2026-йилда ўртача доллар курси пасайиб, кейин яна кўтарилиши кутилмоқда.

Доллар келгуси йилларда қандай бўлади? © Bloomberg

Ўзбекистонда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан ўртача курси яқин йилларда яна кўтарилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Фискал стратегияга таяниб қилинган Vaqt.uz ҳисоб-китобларидан маълум бўлди.

Стратегияда Ўзбекистоннинг 2029 йилгача бўлган асосий иқтисодий кўрсаткичлари прогнози келтирилган. Ўртача доллар курсини ҳисоблаш учун ЯИМ ҳажми, аҳоли жон бошига ЯИМ ва аҳоли сони керак бўлади.

Мамлакат аҳолиси ҳақидаги прогнозлар ҳукуматнинг аҳоли2050.uz сайтидаги маълумотлардан олинди.

tg_image_256555515


Ҳисоб-китоб учун қуйидаги формуладан фойдаланилди:

Ўртача доллар курси = Номинал ЯИМ (сўм) ÷ (Аҳоли сони × Аҳоли жон бошига ЯИМ (АҚШ доллари))

Бунда ЯИМ сўмда, аҳоли жон бошига ЯИМ эса АҚШ долларида берилгани сабабли, уларнинг ўзаро нисбатидан ҳукумат прогнозларида назарда тутилган ўртача алмашув курси аниқланди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда ўртача доллар курси 2026-йилда 12,16 минг сўм, 2027-йилда 12,29 минг сўм, 2028-йилда 12,61 минг сўм ва 2029-йилда 12,8 минг сўм атрофида бўлиши кутилмоқда.

Ўртача курс бу йил давомидаги долларнинг сўмга нисбатан ўртача кўрсаткичини билдиради. Йил давомида курс тебраниши фарқли бўлиши мумкин.

Масалан, 2025-йил давомида доллар курси 11 880–13 003 сўм оралиғида шаклланди. Бироқ ўртача курс 12 581 сўмни ташкил қилди.

Прогнозлар қанчалик ишончли?

Шу билан бирга, бундай прогнозлар ҳар доим ҳам амалда тўлиқ ўзини оқламайди. Доллар курси шаклланишига ички ва ташқи иқтисодий жараёнлардаги кўплаб омиллар ўз таъсирини ўтказади.

Масалан, S&P Global Ratings 2025-йил якунида доллар курси 13 566 сўм бўлишини прогноз қилганди. Бироқ амалда йил охиридаги курс бу кўрсаткичдан сезиларли паст шаклланди — 12 025 сўм.

Бу эса макроиқтисодий прогнозларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарурлигини кўрсатади. Прогнозлар иқтисодиёт ривожланишининг базавий сценарийсига асосланади, бироқ йил давомида юз берадиган иқтисодий ва геосиёсий ўзгаришлар якуний натижани сезиларли даражада ўзгартириши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid