Доммаражу ва Синдоров ўртасидаги баҳс санаси ва шартлари эълон қилинди

Бу шахмат тарихидаги энг ёш финал баҳси ҳисобланади, чунки ўйинлар бошланган вақтда ҳар икки шахматчи ҳам 20 ёшда бўлади.

Доммаражу ва Синдоров ўртасидаги баҳс санаси ва шартлари эълон қилинди © Ijtimoiy tarmoqlar

Шахмат бўйича жаҳон тожи учун амалдаги чемпион Гукеш Доммаражу (Ҳиндистон) ва даъвогар Жавоҳир Синдоров (Ўзбекистон) ўртасидаги баҳс 2026 йилнинг 23 ноябридан 17 декабригача бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) расмий сайтида эълон қилинди.

Мазкур тўқнашув шахмат тарихидаги энг ёш финал баҳси бўлади, чунки ўйинлар бошланган вақтда ҳар икки шахматчи ҳам 20 ёшда бўлади. Тадбирнинг умумий давомийлиги 25 кунгача этиб белгиланган.

Тадбир мезбонлиги учун аризалар қабул қилиш жараёни очиқ деб эълон қилинди. Мусобақанининг тахминий умумий бюджети 8,5 миллион долларни, минимал соврин жамғармаси эса 2,5 миллион долларни ташкил этади. Шунингдек, ташкилотчилар томонидан FIDE учун 1,1 миллион доллар миқдорида тўлов амалга оширилиши лозим.

Аризалар 2026 йилнинг 31 майигача соат 23:59 га қадар (Лозанна вақти билан) office@fide.com электрон манзили орқали қабул қилинади. Барча ҳужжатлар инглиз тилида топширилиши шарт. Мусобақа регламенти 2026 йилнинг 1 июлига қадар тасдиқланиши режалаштирилган.

Ташкилотчилар ўз таклифларида бюджетнинг аниқ тақсимоти, тижорий, ҳомийлик ва трансляция ҳуқуқларининг тақсимланиши бўйича маълумотларни кўрсатиши керак. FIDE тақдим этилган шартлар ва шахмат ривожи манфаатларидан келиб чиқиб якуний қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Саралаш ҳақида

Амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу 2024 йил декабр ойида Сингапурда бўлиб ўтган жаҳон шахмат тожи учун ўйиннинг 14-турида хитойлик Дин Лижэнни мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритган эди. У 18 ёшида FIDE тарихидаги энг ёш жаҳон чемпиони бўлди ва 1985 йилда 22 ёшида Анатолий Карповни мағлуб этган Гарри Каспаровнинг рекордини ортда қолдирди.

Унинг рақиби ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров Кипрнинг Пафос шаҳрида бўлиб ўтган 2026 йилги даъвогарлар турнирида муддатидан олдин ғалабага эришди. У турнирда 14 очкодан 10 очко жамғариб, бирор марта мағлуб бўлмади: олтита ғалаба ва саккизта дуранг қайд этди.

Ўйин регламенти 2026 йил 1 июлгача тасдиқланиши керак. Одатда ўйин 14 та партиядан иборат бўлади. Ғолиб чиқиш учун 7,5 очко жамғариш кифоя — кимдир бу маррага олдинроқ эришса, матч муддатидан олдин тугайди. Агар ҳисоб 7:7 кўринишини олса, тай-брейк ўйналади.

Mavzuga oid